БОЛАЛАР ҲИМОЯСИ — ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ВА ЖАМИЯТ МАСъУЛИЯТИ
2026-11-12 10:05:00 / Янгиликлар

БОЛАЛАР ҲИМОЯСИ — ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ВА ЖАМИЯТ МАСъУЛИЯТИ
ЎРҚ–1180-сон Қонун болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлайди
Боланинг хавфсизлиги, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳар қандай жамиятнинг инсонпарварлик мезони, давлат сиёсатининг эса муҳим устувор йўналишидир.
Болалик — инсон ҳаётининг энг беғубор, айни пайтда энг ҳимояга муҳтож даври. Бу даврда боланинг хавфсизлиги, соғлом ривожланиши, таълим олиши ва муносиб тарбия топиши нафақат оиланинг, балки бутун жамиятнинг масъулиятини белгилайди. Шу боис болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасида мазкур йўналишда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг навбатдаги муҳим босқичи сифатида 2026-йил 14-октябрда ЎРҚ–1180-сон Қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжат болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва содир этилган қилмишлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Қонунчиликдаги муҳим янгиликлар
Мазкур қонун билан Жиноят кодекси, Жиноят-протсессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган айрим жинсий жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилди. Бундай жиноятлар учун ўн беш йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан содир этилган айрим оғир жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилиб, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар юзасидан шартли ҳукм қилишни қўллаш чекланган.
Бу нормалар болаларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик сиёсатининг янада қатъийлашаётганини кўрсатади.
Жабрланган болалар учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлар
Қонуннинг муҳим жиҳатларидан яна бири зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришдир.
Эндиликда бундай болаларга протсессуал ҳаракатларга жалб этилган вақтдан бошлаб давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш назарда тутилган. Жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича вояга етмаган жабрланувчининг давлат ҳисобидан адвокат билан таъминланиши ҳам муҳим кафолатлардан биридир.
Мазкур ёндашув болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд-ҳуқуқ жараёнларида ҳимоя қилиш, уларнинг иккиламчи руҳий зарар кўришининг олдини олиш ҳамда адолатли муносабатни таъминлашга хизмат қилади.
Оилада ва таълим муассасаларида хавфсиз муҳит
Бола тарбияси ва унинг камолоти, аввало, оиладаги муҳит билан чамбарчас боғлиқ. Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг фарзанд тарбиясидаги мажбуриятларини бажармаслиги учун маъмурий жавобгарлик чораларининг кучайтирилиши ушбу масалага бўлган талабчанликни оширади.
Қонун билан таълим ташкилотларида ҳам болаларни ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ўзгаришлар белгиланди. Жумладан, болани тарбиялаш ва унга таълим бериш мажбурияти юклатилган таълим ташкилоти ходимининг болага нисбатан зўравонлик содир этганлиги учун жавобгарликка тортилиши меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қўшимча асос сифатида белгиланди.
Бу эса таълим муассасаларида хавфсиз муҳит яратиш, педагогик масъулиятни ошириш ва болаларга нисбатан зўравонликка муросасиз муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Қонун ижроси — барчамизнинг вазифамиз
Ҳар қандай қонуннинг самараси унинг амалиётга қандай татбиқ этилиши билан белгиланади. Шу маънода ЎРҚ–1180-сон Қонуннинг ижроси давлат органлари, таълим муассасалари, ота-оналар ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлигини талаб этади.
Сурхондарё вилоят суди судя катта ёрдамчиси А.Холиёров
