ПАХТАЧИЛИКДА КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАЙДИГАН АГРОТЕХНИК ТАДБИРЛАРНИ ТИЗИМЛИ ВА ЎЗ МУДДАТЛАРИДА АМАЛГА ОШИРИБ, ЮҚОРИ ҲОСИЛ ВА ДАРОМАД ОЛИШ УЧУН ПУХТА ЗАМИН ЯРАТИНГ!
2026-06-04 14:15:00 / Янгиликлар

ПАХТАЧИЛИКДА КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАЙДИГАН АГРОТЕХНИК ТАДБИРЛАРНИ ТИЗИМЛИ ВА ЎЗ МУДДАТЛАРИДА АМАЛГА ОШИРИБ, ЮҚОРИ ҲОСИЛ ВА ДАРОМАД ОЛИШ УЧУН ПУХТА ЗАМИН ЯРАТИНГ!
Музработ тумани Фермерлари кенгашининг фермерларга
МУРОЖААТИ
Ҳурматли фермерлар,
Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ошириш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни фаол жорий этиш, самарали молиявий қўллаб-қувватлаш орқали деҳқон ва фермерларнинг оғирини енгил қилишга қаратмоқда.
Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 8 майдаги “Ғўза ва
буғдой етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча
чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-82-сонли Фармони билан Сиз фермер ва кластерларга бир қатор имтиёзлар берилди.
биринчидан, пахта хомашёсини етиштиришга ажратилган имтиёзли кредитларни шартномада белгиланган муддатда қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловининг 2,5 фоизини, ҳосил йилининг якунига (тегишли йилнинг 31 декабрига) қадар қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг
5 фоизини ҳамда буғдой етиштириш харажатлари учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловининг 4 фоизлик пункти фермер хўжаликларига қайтариб берилади яъни, Сиз фермерларнинг маблағлари тежалаяпти ва иқтисодий имкониятларингиз ошаяпти;
иккинчидан, дизель ёқилғисини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қисман қоплаш мақсадида 2026 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 июлга қадар қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан биржа савдолари орқали харид қилинган ҳар бир тонна дизель ёқилғиси қийматининг
13 миллион сўмдан ошган қисми учун, бироқ 2 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдорда Ўзбекистон Республикаси бюджети ҳисобидан Агентлик орқали субсидия ажратилади;
учинчидан, ғўза хомашёсини харид қилиш учун ғўза-тўқимачилик кластерлари ҳамда ғўза хомашёсини қайта ишлаш ва ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналарига ажратилган тижорат кредитлари бўйича тўланган фоиз тўловининг 8 фоиз пунктидан юқори, лекин 16 фоиз пунктдан ошмаган қисми қоплаб бериш бўйича кластерларга имтиёзлар берилди.
Пахтачиликда юқори ҳосил олиш, аввало, деҳқон ва фермерлар, пахта кластерлари ҳамда соҳа фидоийлари томонидан туну-кун қилинган машаққатли меҳнатининг, шунингдек, пухта ўйланган ислоҳотлар ва илмий ёндашувлар асосида ўз самарасини беришини ҳаммамиз ҳис қилиб
турибмиз.
Жорий йилда туман бўйича 7 000 гектар майдонларда шундан,
1 925 гектардан ортиқ Шинжон усулида чигит экиб, юқори ҳосил олиш бўйича далаларда шижоат билан астойдил иш олиб борилмоқда.
Барчамиз яхши тушунамизки, ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, айниқса бу йил июнь-июль ойилари ҳар йилгидан кўра ёмғирли ва ўта иссиқ келиши кутилаётганлиги биз деҳқону-фермерлар ҳамда кластер корхоналари томонидан ҳар қачонгидан кўпроқ масъулият билан тер тўкиб ишлашни давр тақозо этмоқда.
Азиз фермерлар!
Келинг, юртимиз тараққиёти учун биргаликда ҳаракат қилайлик,
2026 йил 1 июнидан “Долзарб 30 кунлик” давомида агротехник
тадбирларни сидқидилдан амалга ошириб, юқори ҳосил ва юқори даромад учун пухта замин яратайлик!
Бунинг учун ҳар бир фермер хўжалиги ўз даласида бўлиб, ғўзага ишлов бериш, парваришлаш борасида соҳа олимлари, мутахассислари ва тажрибали устоз фермерлар тавсияси асосида тизимли ишларни ташкил этиш лозим бўлади.
Халқимиз Сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи
ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор
ва агрономлар, жонкуяр олим ва тадқиқотчилар, кластер ходимлари тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўради ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олижаноб меҳнатингизни юксак қадрлайди.
Юқоридагидан келиб чиқиб, ғўзадан юқори ҳосил олиш учун
июнь-июль ойларида, яъни жорий йилнинг 1 июнидан – 1 июлгача “Долзарб 30 кунлик”да Сиз фермерлар томонидан агротехник тадбирларни амалга ошириш зарурлиги қўшимча даромад олишингизни юракдан ҳис этиб, қуйидаги тадбирларга ҳар қачонгидан ҳам зиёда масъулият билан ёндошишингиз сўралади:
биринчидан, ғўза майдонларингизни бегона ўтлардан тозалашни ташкил этинг, бунинг учун аввало барча ишчиларингизга шароит яратиб, чопиқчиларни далага сафарбарлик қилинг;
иккинчидан, ғўза қандаласи ва бошқа зараркунандалар ривожланишига қарши фаол курашинг, бунда:
ғўза майдонларингиз атрофидаги яшил майдонлар (беда, бегона ўтлар, янтоқ ва бошқаларни) ўринг;
далага туташ ариқ бўйлари, йўл четлари ва ташландиқ майдонларни тозаланг;
дала атрофидаги яшил майдонларни ўришдан олдин ёки ўрилгандан сўнг дарҳол ўша ҳудудларга махсус рухсат этилган инсектицидлар илан ишлов беринг;
учинчидан, хорижий нав экилган (икки генли) майдонларга тўлиқ глифосат сепишни ташкил этинг, бунинг учун биринчи глифосат препарати заҳирасини яратинг ҳамда ОВХ пуркагичларини далага чиқаринг;
тўртинчидан, сурункали ёғингарчиликдан кейин ҳаво алмашинуви ёмонлашган ва аччиқ зах кўчайган майдонларда дала шароитидан келиб чиқиб, қатор ораларини 30-35 см чуқур юмшатиш ва 10-16 см чуқурликда (культивация) ишлов беринг;
бешинчидан, ғўза майдонларини азотли минерал ўғитлар билан гектарига 250 кг.дан иккинчи ва учинчи озиқлантириш ишларини амалга оширинг;
олтинчидан, ғўза даласига зараркунандалар кириб келмаслиги учун дала четларига олтинкўз биомаҳсулотларини 1000 дона/га меъёрида тарқатиш, бегона ўтлардан тозалаш, олтингугурт ва ИСО қайнатмалар
билан ишлов беришни 3-5 кунда якунланг, айниқса ғўза майдонларида
шира-трипсларга ва ўргимчакканага қарши кураш чораларини кучайтиринг;
еттинчидан, ғўзани стрессдан чиқиши ва ривожланишини жадаллаштириш мақсадида июн ойида камида икки марта тўлиқ аминокислоталар, микроэлементлар ва биологик фаол комплекслар сақловчи препаратлар ва карбомидли суспензия сепишни амалга оширинг;
саккизинчидан, ғўзанинг ғовлаб кетишини олдини олиш, бўғин оралиғини 3-4 см дан оширмаслик ҳамда ҳосил олишини тезлаштириш мақсадида 4-5-чинбарг давридаги ғўзага 5-6 гр, шоналаш даврида эса
10-15 гр дан ўсишни бошқарувчи (Энтожеан, Сожеан) препаратлари билан ишлов ўтказинг;
тўққизинчидан, бир гектар ғўза майдонига иккитадан сувчиларни жалб этган ҳолда туну-кун суғоришни ташкил этинг;
ўнинчидан, Шинжон усусида экилган майдонларда томчилатиб суғоришни жорий этинг;
ўн биринчидан, ғўза 2-3 чинбарг чиқарганда органик биопрепаратлар, кимёвий моддалар (гумин, гумимах, НВК, ифо, ПЗН, Биодукс ва хоказо) биологик стимуляторлар билан қўшимча ишлов беринг, ғўзанинг эрта пишиб етилиши ҳамда пахтадан 50 центнер ҳосил олишга эришинг;
ўн иккинчидан, биолабораториянгизда биомаҳсулотларни сифатли ва узлуксиз кўпайтириш учун озуқа заҳирасини яратинг:
бунда, июнь ойида Трихограмма, Олтинкўз ва Бракон энтомофагларини кўпайтириб, ўз вақтида дала четлари ва пахта далангизга тарқатинг;
кўсак қуртининг ҳар бир авлодининг тухумларига қарши трихограммани 3-4 кунда оралатиб, 3 марта 1 граммдан (5Х5 схемада гектарига 400 нуқтада) тарқатинг;
ўн учинчидан, ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари пахтачилик кластер корхоналари билан ҳамкорликда ишларни янада жадаллаштириб, юқоридаги тадбирларни амалга ошириб, бу йил ғўза ҳосилини 50 центнер юқори ҳосил олиб, юқори даромад олишга эришинг ҳамда Президентимиз қароридаги белгиланган имтиёзлардан фойдаланинг.
Ҳурматли кластер корхоналари раҳбарлари!
Сизларнинг эътирофга арзигулик даражадаги бизнес режаларингиз асосида, бир неча йиллар фақат хом-ашё сифатида сотилган толаларимиз, бугунги кунда қайта ишланиб, тайёр маҳсулот бўлиб миллий иқтисодиётимиз ўсишига ва экспорт салоҳиятимиз мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Қолаверса, Сизларнинг режаларингизнинг муҳим омили етиштирилган ҳосилнинг ўз вақтида, сифатли йиғиб олинишга боғлиқдир.
Фермер хўжаликларига ғўза парвариши ва унинг агротехникасида молиявий ёрдамингизни аямасангиз, кузда бунинг ўз мевасини кўришни эсдан чиқарманг.
Қадрли фермерлар!
Ушбу йилда ҳам қишлоқ хўжалиги тармоқларида юқори ҳосил етиштириш учун ҳозирданоқ пухта замин яратилиши керак. Юқорида қайд этганимиздек, ғўза далаларида агротехника тадбирларини қисқа муддатларда, сифатли қилиб якунлаш чораларини кўриш шу куннинг муҳим вазифасидир.
Барчангизни мазкур эзгу ишда иштирок этишга чорлаб, иқтисодиётимизни юксалтиришга, она юртимиз янада обод бўлиши учун муносиб ҳиссангизни қўшишга ҳамда “Долзарб 30 кунлик”да мобайнида пахтачиликда кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирларни тизимли ва ўз муддатларида амалга оширишга даъват этамиз!
Музработ тумани Фермерлари кенгаши
