Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ноқонуний ҳисобланади ва бунинг учун ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган.
2026-03-31 16:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ноқонуний ҳисобланади ва бунинг учун ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси 2-қисмига кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш: Фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари (2026 йил 26 март ҳолатига 12.360.000 сўм), мансабдор шахсларга эса 70 баробари (2026 йил 26 март ҳолатига 28.840.000 сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади
Ушбу кодекснинг 60-моддаси 3-қисмига кўра, Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баробари (2026 йил 26 март ҳолатига 82.400.000 сўм), мансабдор шахсларга эса 400 баробари (2026 йил 26 март ҳолатига 164.800.000 сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Таъкидлаш жоизки Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади. Бу қоида Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси 3-қисмига татбиқ этилмайди.
Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 2291-моддаси 1-қисмига кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан (2026 йил 26 март ҳолатига 123.600.000 сўм) тўрт юз бараваригача (2026 йил 26 март ҳолатига 164.800.000 сўм) миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг 2-қисмига кўра эса, Суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан
(2026 йил 26 март ҳолатига 164.800.000 сўм) олти юз бараваригача (2026 йил
26 март ҳолатига 247.200.000 сўм) миқдорда жарима ёки беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агарда биринчи марта жиноят содир этган шахсга нисбатан, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Эндиликда "Ўзбеккосмос" агентлиги сунъий йўлдош орқали ерларнинг ўзгаришини кузатади ва ноқонуний қурилишларни автоматик аниқлайди.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 23-ноябрдаги ПҚ-429-сон қарори (2-илова, 3-банд) билан “Ўзбеккосмос” агентлигига ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида бино ва иншоотлар қурилишини аниқлаш чораларини кўриш бўйича вазифалар юклатилган.
Шу сабабли фуқаролар ва мансабдор шахсларга ер участкаларини ноқонуний эгалламасликлари ва ноқонуний қурилиш қилмасликлари учун қуйидаги тавсиялар берилади:
- Ер участкасини сотиб олаётганда ёки ундан фойдаланишни бошлашдан олдин, албатта, амалдаги Кадастр паспорти ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи давлат реестридан кўчирмани текшириш;
- Эр участкасининг амалдаги чегаралари ҳужжатларда кўрсатилган координаталарга мос келишига ишонч ҳосил қилиш;
- Ҳозирги кунда ер участкалари фақат E-AUKSION платформаси орқали шаффоф тарзда ижарага ёки мулк қилиб берилади. Маҳаллий ҳокимият ёки бошқа шахсларнинг "оғзаки рухсати" билан қурилиш қилиш ноқонуний ҳисобланади;
- Қишлоқ хўжалиги учун берилган ерда уй-жой қуриш ёки тадбиркорлик қилиш ернинг ўзбошимчалик билан эгалланиши ва мақсадсиз ишлатилиши деб баҳоланади;
- Агар сизда 2018 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерда қурилган уй-жой бўлса, Ўзбекистон Республикаси ЎРҚ-937-сонли Қонун асосида унга бўлган ҳуқуқни эътироф этиш учун ариза бериш мумкин;
- Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича жавобгарликка тортилмаслик учун, ҳар қандай қурилишни бошлашдан олдин архитектура ва кадастр органларидан рухсат олbi зарур.
Жиноят ишлари бўйича Музработ тумани суди раиси: Я.Беккамов
