Мирзо Улуғбек тумани прокурори O.M.Mannanovning МУРОЖААТИ
2025-10-21 17:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, Азиз юртдошлар, туманимиз аҳолиси ҳамда меҳмонлари!
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарликларида барча соҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши кураш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири даражасига кўтардилар ва амалий ишларга киришилди.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 3 январ кунидаги 1-сонли “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини яна-да ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида туманимизда хавфсиз муҳит яратиш борасида қатор чора-тадбирлар самарали амалга оширилмоқда.
Туманимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаяпти.
Жумладан, туманимиз маҳаллаларидаги аҳоли гавжум жойларга 755 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига 65 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 123 та, бозор ва савдо марказларига 59 та камералар ўрнатилди.
Ўтган даврда кўп қаватли уйларнинг эшикларига 682 та домофонлар, уйларнинг кириш йўлаклари олдига 420 та ташвиш тугмалари ўрнатилди, 436 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, 1194 та хонадонлар тезкор қўриқловга олинди.
Маҳаллаларда 79 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 200 та “намунавий хавфсиз йўлак”лар ташкил этилди.
Кўрилган чоралар натижасида туманимизда ўтган 9 ой давомида босқинчилик – 4 тага (80,0 фоизга), талончилик 5 тага (71,4 фоизга), ўғрилик – 81 тага (45,3 фоизга), фирибгарлик жинояти – 3 тага (3,2 фоизга), безорилик – 14 тага (53,8 фоизга), енгил тан-жароҳати етказиш – 13 тага (59,1 фоизга), ўртача оғир тан-жароҳати етказиш –7 тага (50,0 фоизга), оғир тан-жароҳати етказиш – 1 тага (12,5 фоизга), номусга тегиш – 3 тага (100 фоиз), оилавий маиший зўравонлик – 3 тага (27,3 фоизга) камайишига, шу даврда 41,4 фоиз маҳаллаларда жиноятлар содир этилмаслигига эришилди.
Дастлабки тергов давомида қайд этиб ўтилган жиноятларнинг олдини олиш борасида ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган маҳаллий еттиликлар ва бошқа мутассади ташкилот ходимларининг 124 нафарига хизмат текширувлари тайинланиб, 79 нафари интизомий жавобгарлик масаласи хал этилди.
Шу ўринда криминоген вазиятимизга таъсир кўрсатувчи фирибгарлик жиноятлари борасида ҳам тўхталмоқчиман.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади ҳамда унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.
Бугунги кунда, бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ қилмишлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятлар ўсиши тенденцияси кузатилмоқда.
Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор, мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради.
Фирибгарлик жиноятига оид статистикага назар ташлайдиган бўлсак, Мирзо Улуғбек туман ҳудудида 2025 йил 9 ойи мобайнида фирибгарлик жинояти 90 та (93) содир этилиб 3 тага ёки 3,2 фоизга камайишига эришилди.
Фирибгарлик жиноятини содир этиш услубига кўра: 27 таси кўп миқдорда (29,4%), 1 таси ўқишга киритиб қўйиш учун (1,09 %), 8 таси ишга киритиб қўйиш учун (8,7 %), 16 таси автомашина олиб бериш учун (17,4 %), 4 таси чет элга ишга юбориш учун (4,35 %), 2 таси кредит олиб бериш учун (2,17 %), 7 таси уй-жой олиб бериш учун (7,61 %), 1 таси чорва ҳайвонларини сотиш, сўйиш ва олиш (1,09 %), 4 таси тадбиркорлик билан шуғулланиш учун (4,35 %), 1 таси тилла буюмларни сотиш ёки олиш учун (1,09 %), 2 таси қарз олди-бердиси билан боғлиқ холда (2,17 %) содир этилган.
Жиноят содир этган шахслар 49 нафарни ташкил этиб, уларнинг яшаш манзили тахлилига кўра: туманимиз фуқаролари – 11 нафар, бошқа туман фуқаролари – 26 нафар, бошқа вилоят фуқаролари – 12 нафарни ташкил этмоқда.
Содир этган шахслар тахлилига кўра: вояга етмаган томонидан – 1 та, ёшлар томонидан – 16 та, аёллар томонидан – 4 та, муқаддам судланганлар томонидан – 21 та, ишсизлар томонидан – 7 та жиноятлар содир этилган.
Фирибгарлик жиноятлари таҳлилига кўра жиноятнинг содир этилишига қуйидаги омиллар таъсир кўрсатаётганлиги аниқланди: 30,5 фоизи моддий етишмовчилик, 28,8 фоиз таълим-тарбиядаги камчилик, 17 фоиз ишсизлик, 13,5 фоиз ҳуқуқий маданиятнинг пастлиги, 5,3 фоиз профилактик ишлари етарли эмаслиги, 2,2 фоиз ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларнинг фаолиятидаги камчиликлар.
Ёшлар томонидан фирибгарликнинг содир этилиши сабабини ўрганилганида 38,1 фоиз таълим ва тарбиядаги сусткашлик, 32 фоиз ишсизлик, 14,9 фоиз ҳуқуқий маданиятнинг пастлиги, 5,4 фоиз моддий етишмовчилик, 4,1 фоиз осон йўл билан пул топиш, 1,6 фоизни ичкилик, 0,6 фоиз интернетнинг салбий таъсири эканлиги аниқланди.
Фирибгарлик жиноятларининг камайтириш масаласи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдида турган энг муҳим ва устувор вазифаларидан бўлиб, мазкур вазифаларни амалга ошириш самарадорлигини таъминлаш кўпроқ огоҳ этувчи профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқишни ҳамда уларни амалга оширишда қўлланилаётган фирибгарликнинг барвақт профилактикаси механизмини мунтазам равишда такомиллаштириб боришни тақазо этади.
Қадрли туманимиз аҳолиси, жиноят қурбони бўлиб қолмаслик мақсадида, аввало, эҳтиёткорликка риоя қилишимиз, турли алдовларга ишониб қолмаслигимиз лозим. Нотаниш шахсларнинг текширилмаган ва ишончсиз ваъдаларига ишониб қолманг, пластик карталарингиз ва шахсий хисоб рақамларингиз ҳақида маълумотлар бериб қўйманг!
Азиз юртдошлар, келинг, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган жамиятни биргаликда барпо этайлик!!!
