Ассалому алайкум, Азиз юртдошлар, туманимиз аҳолиси ҳамда меҳмонлари!
2025-08-21 18:20:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, Азиз юртдошлар, туманимиз аҳолиси ҳамда меҳмонлари!
Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатдаги барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларнинг туб моҳияти, аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, халқнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган.
Ислоҳотларнинг натижадорлигини, одамларнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришини таъминлашда ҳуқуқ-тартибот идораларининг зиммасида катта масъулият бор.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 3 январ кунидаги 1-сонли “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини яна-да ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида туманимизда хавфсиз муҳит яратиш борасида қатор чора-тадбирлар самарали амалга оширилмоқда.
Жумладан, туманимиз маҳаллаларидаги аҳоли гавжум жойларга 755 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига 65 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 123 та, бозор ва савдо марказларига 59 та камералар ўрнатилди.
Ўтган даврда кўп қаватли уйларнинг эшикларига 495 та домофонлар, уйларнинг кириш йўлаклари олдига 230 та ташвиш тугмалари ўрнатилди, 234 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш обектлари, 792 та хонадонлар тезкор қўриқловга олинди.
Маҳаллаларда 52 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 130 та “намунавий хавфсиз йўлак”лар ташкил этилди.
Кўрилган чоралар натижасида туманимизда ўтган 7 ой давомида босқинчилик – 1 тага (3/2) ёки 33,3 фоизга, талончилик 2 тага (4/2) ёки 50 фоизга, ўғрилик – 65 тага (142/77) ёки 45,8 фоизга, фирибгарлик жинояти – 12 тага (68/56) ёки 17,6 фоизга, безорилик – 13 тага (23/10) ёки 56,5 фоизга, оилавий маиший зўравонлик – 1 тага (6/5) ёки 16,7 фоизга, енгил ТЖЕ – 14 тага (21/7) ёки 66,7 фоизга, ўртача оғир ТЖЕ ёки–8 тага (11/3) ёки 72,7 фоизга камайишига, шу даврда 25 фоиз маҳаллаларда жиноятлар содир этилмаслигига эришилди.
Оилавий қадриятларни яхшилаш, аҳоли ўртасида ўзаро иноқликни кучайтириш борасида қатор ишлар амалга оширилиб келинаётган бир вақтда туманимизда 2 нафар қотиллик, 5 та оилавий зўравонлик, 17 та турли оғирликдаги тан-жароҳати етказиш жиноятлари қайд этилганлиги бу борадаги ишларни янада кучайтиришимиз зарурлигини кўрсатмоқда.
Дастлабки тергов давомида қайд этиб ўтилган жиноятларнинг олдини олиш борасида ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган маҳаллий еттиликлар ва бошқа мутассади ташкилотлар ходимларининг 91 нафарига хизмат текширувлари тайинланиб, 68 нафари интизомий жавобгарлик масаласи хал этилди.
Шу ўринда криминоген вазиятимизга таъсир кўрсатувчи жиноятларнинг ўғирлик жиноятлари борасида ҳам тўхталмоқчиман.
Ўғирлик иқтисодиёт соҳасидаги энг кенг тарқалган жиноятлардан биридир.
Ўзбекистон Республикасининг Янги Конституцияси 65-моддасида “Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас” деб ёзилган.
Инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, шу жумладан мулкини ноқонуний тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Одамлар тинч ва хотиржам яшаши учун ҳимоя имкониятлари ортиб бормоқда. Биргина видеокузатув тизимлари кўпайтирилгани жиноятларнинг олдини олишга ёки содир бўлган жиноятларни “иссиқ изидан” очишга кўмаклашмоқда.
Бироқ, афсуски, бу чора жиноятларга бутунлай барҳам берганича йўқ. Чунки ҳали-ҳамон ўғирлик жиноятлари содир этилмоқда.
Ўғирлик жиноятига оид статистикага назар ташлайдиган бўлсак, 2025 йил 7 ой мобайнида 77 та (142) ўғирлик жиноятлари ҳисобга олинган бўлиб, 65 тага ёки 45,8 % камайишига эришилган.
Уларнинг 6 таси хонадондан ўғирлик (7,2 %), 16 таси уяли алоқа воситаси ўғирлиги (19 %), 7 таси автомашинадан ўғирлик (8,4 %), 6 таси велосипед ўғирлик (7,2 %), 3 та кўп миқдорда (3,6 %), 3 та савдо шахобчаларидан (3,6 %), 2 та хайвон ўғрилиги (2,4 %), 3 та киссавурлик (3,6 %), 30 та бошқа турда (53,6 %) содир этилган.
Жиноят содир этган шахслар 38 нафарни ташкил этиб, уларнинг яшаш манзили тахлилига кўра: М.Улуғбек туманида яшовчилар – 10 нафар, бошқа туман фуқароси – 8 нафар, бошқа вилоят фуқаролари – 20 нафарни ташкил этмоқда.
Ўғирлик жиноятини олдини олиш бўйича тумандаги ахоли гавжум жойлар, чегарадош ва криминоген худудларида жами 92 та обектларга FACE-ID камералар ўрнатилди.
Ўғрилик жиноятни олдини олиш ва иссиқ изидан очиш мақсадида туманда жойлашган 1.547 та кўп қаватли уйларнинг барча йўлакларига қимматбаҳо буюмлари, шу жумладан велосипед ва коляскаларни қолдирмаслиги бўйича огоҳлантирув варақалари 1.194 та флаерлар ёпиштирилди.
Мирзо Улуғбек туманида келгусидаги долзарб ва муҳим вазифалар юзасидан тегишли идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда қуйидаги тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинди.
Биринчидан, жиноятларнинг олдини олиш, мамлакатда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган иш тартиби жорий этилди.
“Энди барча куч ва воситаларни, жиноятларнинг оқибати билан курашишга эмас, уларни келтириб чиқараётган туб сабаб ва омилларни аниқлаб, бартараф этишга сафарбар қиламиз”.
Бу борада, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътибор кучайтирилиб, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан бевосита учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қилинди.
Иккинчидан, тергов сифати янада оширилмоқда, бу жараёнларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига йўл қўйилмайди.
Текширув ва тергов ҳаракатларининг ҳар томонлама, тўлиқ, энг асосийси, холис ва қонуний ўтказилишини таъминлашга, тергов ходимларининг шахсий масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учинчидан, прокуратура органларининг барча куч ва воситаларимиз коррупцияга қарши курашишга тўлиқ сафарбар қилинади.
Жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муҳитини шакллантиришнинг барча чоралари кўрилмоқда.
Қадрли туманимиз аҳолиси, жиноят қурбони бўлиб қолмаслик мақсадида, аввало, эҳтиёткорликка риоя қилишимиз, турли алдовларга ишониб қолмаслигимиз лозим. Нотаниш шахсларнинг текширилмаган ва ишончсиз ваъдаларига ишониб қолманг, пластик карталарингиз ва шахсий хисоб рақамларингиз ҳақида маълумотлар бериб қўйманг!
Мол-мулкингиз, айниқса велосипед ва транспорт воситангизни очиқ ва қаровсиз қолдирманг!
Агарда ҳар бир фуқаро жонажон ватанимизни жиноятдан, коррупциядан холи, тинч ва хавфсиз ўлкага айлантиришга ўз ҳиссасини қўшса, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, биргаликда курашсак кўзланган мақсадга албатта эришамиз. Қонунларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматини, мол-мулки дахлсизлигини ҳурмат қилиш, ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини ҳам доимо ёдда тутишимиз зарур.
Азиз юртдошлар, келинг, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган жамиятни биргаликда барпо этайлик!!!
O.M.Mannanov
Мирзо Улуғбек тумани прокурори
