Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ бошлиғи подполковник S.T.Mirzaraimovning туман фуқароларига МУРОЖААТИ
2025-08-18 14:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ бошлиғи подполковник S.T.Mirzaraimovning туман фуқароларига МУРОЖААТИ
Ассалому алайкум,
Ҳурматли туманимиз фуқаролари ҳамда меҳмонлари !
Бугунги кунда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, “Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Инсон қадри улуғланаётган ана шундай шароитда маҳаллаларимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида барчамизнинг зиммамиздаги масъулиятли вазифалар янада ортиб бормоқда.
Ички ишлар органларида олиб борилаётган ислоҳатлар жараёнида жиноятчиликка қарши курашиш, уни фош этиш ва барвақт олдини олиш борасидаги ёндашувлар тубдан ўзгаргани хамда жиноятларни янгича услубда таҳлил этиш, ходимлар иш самарадорлигини уларнинг хизмат вазифасини сифатли ва малакали даражада бажарганига қараб баҳолаш орқали ишимизнинг сифати ва мазмунини яхшилаш имконини бермоқда.
Мурожаатим давомида туманимиз ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида белгилаб олинган қуйидаги чора-тадбирлар доирасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтсам.
Жиноятчиликка қарши курашишда асосий эътиборни содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни илмий ёндашув асосида ўрганиш, уларнинг асл сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш масаласига эътибор қаратилмоқда.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича “ижтимоий профилактика” тизими орқали “маҳалла еттилиги” ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйиш орқали, маҳалланинг ўзида муаммоли фуқаролар билан ишлашни кучайтирган ҳолда криминоген вазиятни барқарорлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек тумандаги махаллаларда хавфсиз мухитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида бир қанча ишлар амалга оширилди.
Жумладан:
- 783 та совуқ қурол олиб юриш ҳолатлари аниқланиб маъмурий чора кўрилди;
- 77 нафар илгари судланган шаҳсларга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилди;
- 31 нафар маъмурий назорат қоидасини бузиш ҳолати аниқланди;
- 41 нафар шахслар Реабилитатсия марказига жойлаштирилди;
- 147 нафар профилактик ҳисобда турган руҳий касал, гиёҳванд ва спиртли ичимликка ружу қўйганлар шахслар мажбурий даволанишга ётқизилди;
- 179 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга “Ҳимоя ордер”лари берилди ҳамда ташвиш тугмалари ўрнатилди;
- 3 699 нафар жиноят қилишга мойил ҳамда жиноятдан жабрланиш хавфи юқори бўлган шахслар бўйича профилактика инспекторлари томонидан маҳалла еттилигига хулосалар берилиб, уларнинг муаммолари ҳал этиш чоралари кўрилди.
- Кўп қавватли уй ва унинг атрофига 580 дан ортиқ кузатув ва ПТЗ камералар ўрнатилди.
- 370 та хонадонлар ҳамда 502 та объектлар қўриқловга олинди;
Туманимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида юқорида келтирилган чора-тадбирлар натижасида -
Жиноят турларидан босқинчилик, талончилик, ўғрилик, фирибгарлик безорилик, оилавий (маиший) зўравонлик хамда енгил ва ўртача тан жарохати етказиш билан боғлиқ жиноятларини камайишига эришилди.
Ички ишлар ходимлари ташаббуси билан аниқланадиган жиноятлар 36 фоизга яхшиланди.
Маҳалла жиноятчилигини жиловлашга қаратилган тадбирлар натижасида, тумандаги 70 та маҳаллаларнинг
- 44 тасида (62,9 %) жиноят камайган бўлса,
- 17 тасида (24,3%) биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасида амалга оширилаётган бу ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Юқорида қайд этилган ишлар билан бир қаторда, муаммоларга тўхталиб ўтсам. Сўнгги вақтларда янги турдаги жиноятлар ва уларни содир этиш усуллари пайдо бўлмоқда. Айниқса, фуқароларнинг шахсий маълумотларини ва мол-мулкини ахборот технологиялари ёрдамида яни интернет ҳамда ижтимоий тармоқлар ёрдамида ноқонуний қўлга киритиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Рақамли дунёда яшаяпмиз. Ҳар кунимизнинг деярли асосий қисми телефон, интернет хамда ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ. Банк тўловларини амалга оширишдан тортиб, давлат хизматларидан фойдаланишгача барчаси интернет орқали бажарилаётгани. Бу қулай. Лекин бу қулайликнинг "иккинчи томони" — ахборот хавфсизлиги муаммосидир.
Келинг ушбу ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятлар, яни кибержиноятларга тўхталиб ўтсам.
Кейинги пайтларда жиноятчилар ўз жиноий қилмишларини интернетдан фойдаланган ҳолда сохта ҳаволалар юбориш орқали тасдиқловчи кодни қўлга киритиб, карта бошқарувини эгаллаш, онлайн савдо платформаларида турли алдовлар билан товар ва хизматлар учун тўловни олдиндан амалга оширишга эришиш, телефон қўнғироқлари орқали банк карта бошқарувини тасдиқловчи кодни қўлга киритиш каби усуллар билан содир этмоқдалар.
Бу турдаги жиноятларга қарши курашишнинг энг самарали усули фуқароларда кибержиноятларга қарши иммунитетни шакллантиришдир. Бунда интернетдан, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда номаълум ҳаволаларни юкламаслик, бегона шахслардан бўлаётган телефон қўнғироқлари вақтида шахсингизга оид маълумотларни бермаслик талаб этилади. Ҳар биримизнинг ахборот хавфсизлигимиз ўз қўлимизда!
Яна бир долзарб муаммо – Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар.
Биз ички ишлар органлари ходимлари туман ҳудудида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан ҳамкорликда бу иллатга қарши курашишда, авваламбор ёшлар орасида кенг тарқалишини олдини олишда тегишли тадбирларни амалга оширмоқдамиз.
Шу йилнинг ўзида гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомиласи билан боғлиқ бир неча жиноий ҳолатларга чек қўйилди.
Тезкор тадбирлар давомида гиёҳвандлик моддалари ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари хужжатлаштириб олинди. Хамда аниқланган жиноят ишлари доирасида ушбу жиноятга қўл урган шахслар жавобгарликка тортилди.
Бу турдаги аниқланган гиёҳвандлик моддалари агар муомалага чиқиб кетганида, 10 мингдан ортиқ ёшларни заҳарлаши мумкин эди.
Бугунги кунда бу турдаги жиноятлар интернет дўконларида, уларнинг администратор ва операторлари, “кладменлар” ва “закладчиклар” орқали жиноятлар содир этилмоқда. Бу турдаги жиноятларни содир этаётган жиноий гуруҳ фаолияти хориждан туриб бошқарилиши сабабли бу каби жиноий гуруҳ фаолиятига мутлоқ чек қўйишда айрим қийинчиликлар мавжуд. Буни яширолмаймиз.
Лекин бир нарсани унутмайлик! Гиёҳвандлик — инсоният қаршисида турган энг катта муаммолардан бири. У нафақат саломатликка, балки ижтимоий муносабатларга ҳам жиддий зарар етказади. У бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган глобал офат бўлиб, ҳар қандай жамият учун хавфлидир.
Хулоса ўрнида айтишим лозимки, гиёҳвандлик муаммосига қарши курашиш учун нафақат давлат балки бутун жамият биргаликда ҳаракат қилиши ва бу ишга ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиши лозим.
Агарда, Сизда шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар ҳақида маълумотлар бўлса, бизга 102 рақами орқали ёки ишонч телефонларимизга хабар беришингизни сўраймиз.
Биз томонимиздан хабар берганларнинг шахсига доир маълумотлар сир сақланишига кафолатланади.
Мурожаатим сўнгида юртимиз доимо тинч, хонадонимизда файзу барака бўлишини тилайман.
Биргаликда маҳалламизни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантирайлик.
Соғ ва омон бўлинглар!
