Мирзо Улуғбек тумани прокурори O.M.Mannanovning МУРОЖААТИ
2026-10-09 11:40:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар, туманимиз аҳолиси ҳамда меҳмонлари!
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарликларида мамлакатимизнинг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 5-январдаги 1-сонли “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Мирзо Улуғбек туманида ҳам хавфсиз муҳитни таъминлаш, жиноятларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур вазифалар фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, маҳалла еттилиги ва бошқа масъул ташкилотларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини талаб этади.
Туманимиздаги 70 та маҳалла ҳудудида олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг объектив ва субъектив сабаблари ўрганилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал қилиш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратишга қаратилган чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойларга 312 та, кўп қаватли уйлар ҳовлиларига 84 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 280 та, бозор ва савдо марказларига 24 та видеокузатув камералари ўрнатилган. Кўп қаватли уйларнинг кириш эшикларига 1 198 та домофон, кириш йўлаклари олдига 582 та ташвиш тугмаси ўрнатилиб, 196 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти ҳамда 706 та хонадон тезкор қўриқловга олинган. Шунингдек, маҳаллаларда 84 та “намунавий хавфсиз кўча” ва 55 та “намунавий хавфсиз уй” ташкил этилган.
Кўрилаётган чоралар билан бир қаторда жиноятчилик ҳолати мунтазам таҳлил қилинмоқда. Жорий йилнинг январ–сентябрь ойларида туманда ўғрилик 10 тага (10,2 фоизга), босқинчилик 1 тага (100 фоизга), фирибгарлик 25 тага (27,8 фоизга), безорилик 1 тага (8,3 фоизга), йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятлар эса 35 тага (38,5 фоизга) камайган. Шу даврда оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар бўйича 1 тага (14,3 фоизга) камайиш қайд этилган. Шу билан бирга, енгил тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар 1 тага (11,1 фоизга) ошган. Ушбу кўрсаткичлар айрим йўналишларда ижобий натижаларга эришилганини кўрсатса-да, жиноятларнинг олдини олиш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарурлигини ҳам англатади.
Дастлабки тергов жараёнида аниқланган жиноятларнинг олдини олиш борасида ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган маҳалла еттилиги ва бошқа масъул ташкилотлар ходимларининг 30 нафарига нисбатан хизмат текширувлари тайинланган, 21 нафарининг интизомий жавобгарлиги масаласи ҳал этилган. Ҳар бир жиноят юзасидан унинг келиб чиқишига сабаб бўлган омилларни чуқур таҳлил қилиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга.
Алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлган масалалардан бири — ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишдир. Жорий йилнинг дастлабки уч ойида туманда наркотик ва психотроп моддалар билан боғлиқ 147 та жиноят қайд этилгани, уларнинг ярми ёшлар томонидан содир этилгани ушбу йўналишдаги профилактик ишларни кучайтириш зарурлигини кўрсатади. Шу мақсадда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, чет тилларини ўргатиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал қилиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Хусусан, 73 нафар ёш касб-ҳунарга ўқитилган, 24 нафарига чет тиллари ўргатилган, 73 нафарининг бандлиги таъминланган, 98 нафарининг бўш вақти мазмунли ташкил этилган ҳамда 35 нафар ёшнинг ижтимоий-маиший муаммолари ҳал қилинган.
Бугунги кунда кибержиноятлар ҳам долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Фуқароларни интернет ва телефон орқали амалга ошириладиган фирибгарликлардан огоҳлантириш, шахсий маълумотлар ҳамда банк картаси реквизитларини бегоналарга бермаслик, шубҳали ҳаволаларга кирмаслик юзасидан тушунтириш ишларини янада кучайтириш лозим. Бу борада маҳалла ва ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам ахборот бериш, аҳоли гавжум жойларда огоҳлантирувчи материалларни тарқатиш муҳимдир.
Ҳурматли фуқаролар! Туманимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жиноятларнинг олдини олиш ҳар биримизнинг масъулиятимиздир. Атрофимизда содир бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмайлик, қонунларга қатъий риоя қилайлик, ўзгаларнинг ҳуқуқи, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулкини ҳурмат қилайлик. Жиноят, ҳуқуқбузарлик ёки хавфсизликка таҳдид солувчи ҳолатлардан хабар топсангиз, дарҳол 102 рақамига мурожаат қилинг.
Турли алдовларга учрамаслик учун ҳушёр бўлинг, нотаниш шахсларнинг текширилмаган ваъдаларига ишонманг, банк карталарингиз ва шахсий ҳисобварақларингизга оид маълумотларни ошкор қилманг.
Азиз юртдошлар! Барчамиз биргаликда ҳаракат қилсак, маҳаллаларимизни жиноятчиликдан холи, туманимизни эса янада хавфсиз ва осойишта ҳудудга айлантиришга эришамиз!
О.М.Маннанов
Мирзо Улуғбек тумани прокурори
