Мирзо Улуғбек тумани прокурори O.M.Mannanovning МУРОЖААТИ
2026-04-14 13:25:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, Азиз юртдошлар, туманимиз аҳолиси ҳамда меҳмонлари!
Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз бирдек гувоҳ бўлмоқдамиз.
Президентимиз томонидан жиноятларнинг фақат оқибатларини эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузарликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш устувор вазифа сифатида олдимизга қўйилди.
Ушбу вазифалар ва муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 5 январь кунидаги 1-сонли “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида жиноятчиликни жиловлашда мутлақо янги механизм жорий этилиб, бу борада нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, маҳалла еттилиги, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа мутассади идораларга ҳам бирдек масъулият юкланди.
Тумандаги 70 та маҳалла ҳудудида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар содир этилишининг объектив ва субъектив сабаблари ўрганилиб, қатъий сўров тизими белгиланди, жиноятчиликни олдини олишнинг бош мезонларидан бири бўлган аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Жорий йилда ҳам мазкур йўналишларда ишларни давом эттириб, бу йилда асосий урғуни ижтимоий профилактика самарадорлигини оширишга қаратган ҳолда туманимиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни ишончли таъминлаш бўйича манзилли профилактик чора-тадбирлар тизимини самарали жорий этиш орқали жиноятчиликни кескин камайтиришни устувор вазифа этиб белгилаб, амалий ишларга киришилди.
Жумладан, туманимиз маҳаллаларидаги аҳоли гавжум жойларга 64 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига 27 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 84 та, бозор ва савдо марказларига 14 та камералар ўрнатилди.
Ўтган даврда кўп қаватли уйларнинг эшикларига 158 та домофонлар, уйларнинг кириш йўлаклари олдига 508 та ташвиш тугмалари ўрнатилди, 196 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, 316 та хонадонлар тезкор қўриқловга олинди.
Маҳаллаларда 26 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 18 та “намунавий хавфсиз уй”лар ташкил этилди.
Кўрилган чоралар натижасида туманимизда ўтган 3 ой давомида ўғрилик – 8 тага (25,0 фоизга), ўртача оғир тан жароҳати етказиш- 1 тага (33,3 фоизга), оғир тан жароҳати етказиш- 1 тага (33,3 фоизга), ЙТҲ жинояти- 2 тага (11,1 фоизга), ўлим билан боғлиқ ЙТХ жинояти– 2 тага (66,7 фоизга) камайишига, шу даврда 37,1 фоиз маҳаллаларда жиноятлар содир этилмаслигига эришилди.
Дастлабки тергов давомида қайд этиб ўтилган жиноятларнинг олдини олиш борасида ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган маҳаллий еттиликлар ва бошқа мутассади ташкилот ходимларининг 30 нафарига хизмат текширувлари тайинланиб, 21 нафарининг интизомий жавобгарлик масаласи хал этилди.
Шу ўринда криминоген вазиятимизга таъсир кўрсатувчи жиноятларнинг айрим турлари борасида ҳам тўхталмоқчиман.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бир қаторда ҳамкорликни кучайтиришимиз керак бўлган бир нечта жиноий омиллар мавжуд, ҳозирда жиноятчиликнинг янги кўринишлари пайдо бўляпти, илгари дуч келмаган кибермаскандаги жиноятларнинг салмоғи ортиб бориши анчагина ташкилий чоралар кўришни тақозо этмоқда.
Сўнгги йилларда бу тоифадаги жиноятлар бир неча бараварга кўпайган бўлиб, жорий йилнинг уч ойида содир этилган жами жиноятларнинг 58,0 % ни ташкил этмоқда. Ушбу йўналишда аҳолини хабардор қилиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш қанчалик муҳим эканлигини англаб етдик. Ижтимоий тармоқлар, маҳаллалар телеграмм каналларида хабарларни кўпайтирдик. Банклар, ёқилғи қуйиш шахобчалари ва бозорларда буклетлар тарқатилмоқда.
Бундан ташқари, барчамизнинг олдимизда турган яна бир энг асосий муаммо ёшлар жиноятчилиги бўлиб, ушбу масалага биргаликда жон куйдиришимиз керак. Фақат жиноят учун жазони таъминлаш билан овора бўлиб, жиноятларнинг сабаб ва омилларини кўздан қочирмаслигимиз керак.
Жорий йилнинг 3 ойида Мирзо Улуғбек туманида қайд қилинган 147 та наркотик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг ярмини ёшлар содир этганлиги масаланинг долзарблигидан далолат беради. Шу сабабли ёшларни ўз умрига зомин бўлмасликлари учун жиноят ва тажовузлардан қайтариш, уларни тўғри ҳаётга етаклаш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш чоралари кўриб борилмоқда.
Бу борада қарийб 73 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилиб, 24 нафар ёшларга чет тиллари ўргатилди, 73 нафарининг бандлиги таъминланиб, 98 нафарининг бўш вақтлари мазмунли ташкил этилди, 35 нафар ёшларнинг ижтимоий-маиший муаммолари ҳал этилди.
Ҳурматли фуқаролар! атрофимизда юз бераётган воқеаларга бефарқ бўлмасдан, хушёрликни ошириб, қонунларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматини, мол-мулки дахлсизлигини ҳурмат қилиш, ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини доимо ёдда тутиб, ўзингизга ва атрофдагиларга таҳдид солаётган жиноятлар, тартибсизликлар ёки хавфсизликка оид ҳолатлар ҳақида хабар топсангиз, дарҳол “102” рақамига қўнғироқ қилинг!
Жиноят қурбони бўлиб қолмаслик мақсадида, аввало, эҳтиёткорликка риоя қилишимиз, турли алдовларга ишониб қолмаслигимиз лозим. Нотаниш шахсларнинг текширилмаган ва ишончсиз ваъдаларига ишониб қолманг, пластик карталарингиз ва шахсий хисоб рақамларингиз ҳақида маълумотлар бериб қўйманг!
