Мирзо Улуғбек тумани прокурори O.M.Mannanovning МУРОЖААТИ
2025-12-20 11:20:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, Азиз юртдошлар, туманимиз аҳолиси ҳамда меҳмонлари!
Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида мамлакатдаги барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларнинг туб моҳияти, аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, халқнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган.
Муҳтарам Президентимизнинг 03.01.2025 йилдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сонли Қарори билан жиноятчиликни жиловлашда мутлақо янги механизм жорий этилиб, бу борада нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, маҳалла еттилиги, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа мутассади идораларга ҳам бирдек масъулият юкланди.
Мазкур қарор соҳада бир қатор ижобий ўзгаришларни амалга оширишда кўмак бўлиб, аниқ ва манзилли ишларни ташкил этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Жумладан, туманимиз маҳаллаларидаги аҳоли гавжум жойларга 1.071 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига 96 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 226 та, бозор ва савдо марказларига 106 та камералар ўрнатилди.
Ўтган даврда кўп қаватли уйларнинг эшикларига 969 та домофонлар, уйларнинг кириш йўлаклари олдига 436 та ташвиш тугмалари ўрнатилди, 526 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, 1.331 та хонадонлар тезкор қўриқловга олинди.
Маҳаллаларда 133 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 295 та “намунавий хавфсиз йўлак”лар ташкил этилди.
Кўрилган чоралар натижасида туманимизда ўтган 11 ой давомида босқинчилик – 2 тага (40,0 фоизга), талончилик 5 тага (62,5 фоизга), ўғрилик – 62 тага (29,8 фоизга), фирибгарлик жинояти – 20 тага (14,3 фоизга), енгил тан-жароҳати етказиш – 12 тага (48,0 фоизга), ўртача оғир тан-жароҳати етказиш –9 тага (42,9 фоизга), оилавий маиший зўравонлик – 2 тага (15,3 фоизга), ўлим билан боғлиқ ЙТХ жинояти – 5 тага (41,7 фоизга), қотиллик – 2 тага (50,0 фоизга) камайишига, шу даврда 10,0 фоиз маҳаллаларда жиноятлар содир этилмаслигига эришилди.
Дастлабки тергов давомида қайд этиб ўтилган жиноятларнинг олдини олиш борасида ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган маҳаллий еттиликлар ва бошқа мутассади ташкилотлар ходимларининг 135 нафарига хизмат текширувлари тайинланиб, 102 нафарининг интизомий жавобгарлик масаласи хал этилди.
Оилавий қадриятларни яхшилаш, аҳоли ўртасида ўзаро иноқликни кучайтириш борасида қатор ишлар амалга оширилиб келинаётган бир вақтда туманимизда 2 нафар қотиллик, 11 та оилавий зўравонлик, 35 та турли оғирликдаги тан-жароҳати етказиш жиноятлари қайд этилганлиги бу борадаги ишларни янада кучайтиришимиз зарурлигини кўрсатмоқда.
Шу ўринда криминоген вазиятимизга таъсир кўрсатувчи жиноятлардан бири бўлган, оилавий (маиший) зўравонлик жиноятлари борасида ҳам тўхталмоқчиман.
Мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини оиладаги тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институциявий ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур турдаги жиноятига оид статистикага назар ташлайдиган бўлсак, жорий йилнинг 11 ойи мобайнида туманимизда 11 та шахсга нисбатан 11 та оилавий (маиший) зўравонлик жинояти ҳисобга олинган бўлиб, 2024 йилга нисбатан бу кўрсаткич 2 тага ёки 15,3 % га камайишига эришилди.
Жиноят содир этганларни асосан ишсиз эркаклар (8 нафари), 31-45 ёшли шахслар ташкил этади.
Оилавий зўравонлик ва шаҳвоний шилқимликка қарши курашиш учун, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш, уларни жамиятга қайта интеграцияси, профилактика ишларини кенг жамоатчиликка етказиш ва ҳуқуқий онгни ошириш бўйича вазифалар белгилаб олишимиз зарур.
Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ушбу иллатларга қарши курашда энг муҳим омиллардан саналади. Оилавий зўравонлик ва шаҳвоний шилқимликка қарши курашишда давлат ва нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик ва ҳар бир фуқаронинг ҳамкорлиги зарур.
Айниқса, ички ишлар органлари ходимлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда биринчи бўғинлардан бири бўлиб, ходимларнинг малакаси ва зўравонлик содир этилган ҳолларда амалга оширилган дастлабки ҳаракатлари катта аҳамиятга эгадир.
Жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни тезкорлик билан бартараф этиш, муҳтож оилаларни қўллаб - қувватлаш, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича белгиланган вазифалар ижроси давлат органларининг доимий эътиборида бўлса, мазкур турдаги жиноятларнинг олдини олишда кўзланган мақсадга эришамиз!
Қадрли туманимиз аҳолиси, қонунларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматини, мол-мулки дахлсизлигини ҳурмат қилиш, ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини доимо ёдда тутишимиз зарур.
Азиз юртдошлар, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган жамиятни биргаликда барпо этишга ўз ҳиссамизни қўшайлик!!!
