Мирзо Улуғбек тумани прокурори O.M.Mannanovning МУРОЖААТИ
2025-11-26 10:50:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, Азиз юртдошлар, туманимиз аҳолиси ҳамда меҳмонлари!
Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарали тизими яратилди. Бу эса маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда криминоген вазиятни барқарор сақлашда ижобий натижалар бермоқда.
Барчамизга маълумки, ҳуқуқбузарликни олдини олиш бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдир. Шу боис, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини янада такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 3 январ кунидаги 1-сонли “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида туманимизда хавфсиз муҳит яратиш борасида қатор чора-тадбирлар самарали амалга оширилмоқда.
Туманимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаяпти.
Жумладан, туманимиз маҳаллаларидаги аҳоли гавжум жойларга 1.071 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига 96 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 226 та, бозор ва савдо марказларига 106 та камералар ўрнатилди.
Ўтган даврда кўп қаватли уйларнинг эшикларига 969 та домофонлар, уйларнинг кириш йўлаклари олдига 436 та ташвиш тугмалари ўрнатилди, 526 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, 1.331 та хонадонлар тезкор қўриқловга олинди.
Маҳаллаларда 84 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 230 та “намунавий хавфсиз йўлак”лар ташкил этилди.
Кўрилган чоралар натижасида туманимизда ўтган 10 ой давомида босқинчилик – 2 тага (40,0 фоизга), талончилик 5 тага (71,4 фоизга), ўғрилик – 60 тага (31,3 фоизга), фирибгарлик жинояти – 8 тага (6,6 фоизга), безорилик – 9 тага (32,1 фоизга), енгил тан-жароҳати етказиш – 13 тага (56,5 фоизга), ўртача оғир тан-жароҳати етказиш –8 тага (47,1 фоизга), номусга тегиш – 1 тага (25,0 фоиз), оилавий маиший зўравонлик – 4 тага (16,6 фоизга), ўлим билан боғлиқ ЙТХ жинояти – 3 тага (33,3 фоизга) камайишига, шу даврда 19,6 фоиз маҳаллаларда жиноятлар содир этилмаслигига эришилди.
Дастлабки тергов давомида қайд этиб ўтилган жиноятларнинг олдини олиш борасида ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган маҳаллий еттиликлар ва бошқа мутассади ташкилот ходимларининг 159 нафарига хизмат текширувлари тайинланиб, 83 нафарининг интизомий жавобгарлик масаласи хал этилди.
Шу ўринда криминоген вазиятимизга таъсир кўрсатувчи жиноятлардан бири бўлган, талончилик жиноятлари борасида ҳам тўхталмоқчиман.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасида: “Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди. Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади. Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас” –деб белгилаб қўйилган.
Талон-тарож қилиш- бу бировнинг мулкини ўзининг ёки бошқа шахсларнинг фойдаси учун, мулкдорга ёки ушбу мулкнинг бошқа эгасига зарар келтириб, қонунга хилоф равишда, бепул олиб қўйишда ифодаланади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар орасида талончилик жинояти ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олиш борасидаги чора-тадбирларнинг аниқ ва сифатли даражада ишлаб чиқилиши лозимлигини тақозо этади.
Бинобарин, талончилик жиноятларининг олдини олишда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар томонидан зарур бўлган доимий ҳамкорлик ижобий натижаларга эришиш учун имкон яратади.
Талончилик жиноятига оид статистикага назар ташлайдиган бўлсак, Мирзо Улуғбек туман ҳудудида 2025 йил 10 ойи мобайнида талончилик жинояти 2 та (7) содир этилиб 5 тага ёки 71,4 фоизга камайишига эришилди.
Жиноят содир этган шахслар 2 нафарни ташкил этиб, уларнинг яшаш манзили тахлилига кўра: 2 нафари ҳам туманимиз фуқароларини ташкил этмоқда.
Талончилик жиноятларини камайтириш масаласи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдида турган энг муҳим ва устувор вазифаларидан бўлиб, мазкур жиноятларининг олдини олишнинг асосий чора-тадбирлари жумласига: илгари судланганларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини янада юксалтириш ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нисбатан халқнинг ишончини ошириш, илгари судланганларга (айниқса, ёшларга) мураббийлар бириктириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, муқаддам судланган маъмурий назорат остига тушувчи шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатишни тақазо этади.
Қадрли туманимиз аҳолиси, талончилик жинояти содир этилишига ёрдам берадиган шарт-шароитлардан яна бири бу мулкнинг етарли даражада ҳимояланмаганлиги, мулкдорларнинг бепарволиги ва мол-мулкни сақлаш борасида тегишли қоидаларга риоя қилмаганлиги сабаб бўлади. Жиноят қурбони бўлиб қолмаслик мақсадида, аввало, эҳтиёткорликка риоя қилишимиз, шахсий буюмларимиз ва мол-мулкимизни етарли даражада ҳимоя қилишимиз ҳамда бепарволикка берилмаслигимиз лозим!
Ҳар бир фуқарода жиноятчиликка қарши имунитетни болаликдан шакллантиришга эътибор қаратишимиз лозим.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, жиноятларни оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузарликка имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб, халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Азиз юртдошлар, туманимизни жиноятчиликдан ҳоли ва хавфсиз ҳудудга айлантира олсак мақсадимизга етган бўламиз!!!
