Миллий армия — Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!
2026-01-12 10:00:00 / Янгиликлар

Ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, фуқаролик масъулияти ва ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Миллий армия – она Ватан қалқони, тинчлигимиз посбони!” шиори остида ўтказилган тадбирда вазирлик ходимлари Ватан ҳимоячиларининг юксак ҳарбий маҳорати, жанговар шайлиги ва фидойилигини намоён этувчи машғулотлар жараёни, замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалардан самарали фойдаланиш амалиёти билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-руҳий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилувчи маънавият-маърифат маркази ҳамда бой тарихий меросни ўзида мужассам этган ҳарбий музей фаолияти ҳақида атрофлича маълумотларга эга бўлдилар.
Тадбирда мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда Қуролли Кучларимизнинг тутган ўрни, ҳарбий хизматчиларнинг шарафли ва масъулиятли фаолияти, уларнинг жасорати, ҳарбий бурчга садоқати ҳамда ёш авлод учун ўрнак бўла оладиган ҳаёт йўли ҳақида сўзлаб берилди.
“Ватанпарварлик ойлиги” давомида ташкил этилаётган бу каби тадбирлар ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, тарихий хотира ва юксак масъулият туйғуларини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.





