Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш – умумий масъулият
2025-11-14 21:45:00 / Янгиликлар

Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штабининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Бош прокурор ўринбосари C.Самадов ва Энергетика вазири ўринбосари У.Мамадаминов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда Ички ишлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, «Ўзэнергоинспекция», “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ҳудудий электр тармоқлари” ва «Ҳудудгазтаъминот» ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ҳудудий штаблар иштирок этди.
Йиғилишда соҳадаги долзарб вазифалар билан бир қаторда, ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланишда тежамкорликни кучайтириш, мавжуд имкониятларни самарали ишга солиш, энергияни исроф қилмаслик бўйича тизимли чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Алоҳида эътибор дебитор қарздорликларни қисқартириш, талон-торож ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишга қарши қатъий назорат ўрнатишга қаратилди.
Масъулларга қиш мавсумини беталофат ўтказиш, аҳолига барқарор энергия таъминоти яратиш ва энергия тежамкорлигини тарғиб қилиш бўйича топшириқлар берилди.



