Вазирлик ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 2022 йил 24 декабрдаги ПФ-269-сон Фармони билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги негизида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташкил этилган.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилар:
ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, тармоқ ва ҳудудларнинг инвестиция салоҳиятини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларига инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилишни жадаллаштириш, инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини таъминлаш;
халқаро иқтисодий ва молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, республикага ташқи беғараз кўмак (грантлар, техник кўмак) маблағларини жалб қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва мувофиқлаштириш;
давлат саноат сиёсатини амалга ошириш, саноатни диверсификация қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш, асосий турдаги маҳсулотлар, хомашё ва материалларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш моддий балансларини шакллантиришда иштирок этиш, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш, махсус иқтисодий зоналар ва саноат зоналари фаолиятини ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш;
саноатнинг асосий йўналишлари, шу жумладан кимё, машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, фармацевтика, тўқимачилик, ипакчилик, чарм-пойабзал, заргарлик, озиқ-овқат саноати тармоқларида, қурилиш материаллари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш соҳасида давлат саноат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳаларга халқаро стандартларни жорий қилиш ишларини мувофиқлаштириш, ишлаб чиқариш фаолияти турларини лицензиялаш;
савдо соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, бозор ҳолатини мониторинг ва таҳлил қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларига халқаро талабларга мос техник регламентларни жорий этиш, ташқи савдони тартибга солишни мувофиқлаштириш ҳамда электрон тижоратни ривожлантириш;
ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан экспорт маршрутларини кўпайтириш, экспортни қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотларини ўтказиш;
хорижий давлатлар билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатнинг ташқи иқтисодий манфаатларини илгари суриш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва бошқа иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамда хорижий молия ва иқтисодий институтлардаги доимий вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларида ташқи иқтисодий фаолият масалалари билан шуғулланувчи ходимларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш.
