Марғилон шаҳрида “Саёҳат колбаса маҳсулотлари” корхонасининг янги биноси фойдаланишга топширилди
2025-10-08 09:15:00 / Янгиликлар

Марғилон шаҳрида 23 йилдан буён аҳолига сифатли гўшт маҳсулотларини етказиб келаётган “Саёҳат колбаса маҳсулотлари” корхонаси ўз фаолиятини янги, замонавий бинода давом эттирмоқда.
2002 йилда ташкил этилган мазкур корхона йиллар давомида гўшт ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида катта тажрибага эга бўлиб, нафақат Марғилон, бутун водий вилоятларида ҳам ишончли ишлаб чиқарувчи сифатида танилди.
Корхона фаолиятини янада ривожлантириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида Германия ва Италия давлатларидан умумий қиймати 1 млн. АҚШ долларига тенг бўлган замонавий технологик ускуналар олиб келинди. Бу, ўз навбатида, маҳсулот сифати ва ишлаб чиқариш самарадорлигини кескин ошириш имконини бермоқда.
Янги бинонинг ишга туширилиши муносабати билан 20 та янги иш ўрни яратилди. Корхонада ҳар ойда 50 тоннадан зиёд турли хил колбаса ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар ички бозордан келтирилган мол ва парранда гўштидан тайёрланиб, “ҳалол” талабларига тўлиқ жавоб беради. Ҳозирги кунда “Саёҳат колбаса маҳсулотлари” бренди остида 50 дан ортиқ маҳсулот тури ишлаб чиқарилмоқда.
Бугун корхонанинг янги биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Тадбирда Марғилон шаҳар ҳокими Ш.Нисбатхонов. шаҳар ИИБ бошлиғи Ф.Бектошев, маҳалла фаоллари ҳамда нуронийлар иштирок этдилар.
Ташкилот раҳбари Давронбек Рўзибоевнинг таъкидлашича, янги ускуналар ишга туширилиши натижасида маҳсулотлар сифатини халқаро талаблар даражасига етказиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш режалаштирилган.
Марғилон шаҳрида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар маҳаллий саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолини маҳаллий, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.









