“Буюк Ипак йўли” халқаро мақом фестивали иштирокчилари тақдирланди
2025-10-03 08:40:00 / Янгиликлар

Икки минг йиллик тарихга эга кӯҳна ва навқирон Марғилон шаҳри бугун яна бир нуфузли тадбирга мезбонлик қилди. Шаҳар марказидаги Ижодкорлар боғида “Буюк Ипак йўли” халқаро мақом фестивали - дўстлик ва санъат байрами кўтаринклик билан бўлиб ўтди.
Фестиваль доирасида ўтган танловда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва мамлакатимиз вилоятларидан келган санъаткорлар турли йўналишдаги мақомларни маҳирона ижро этдилар. Иштирокчиларнинг ҳар бир чиқиши ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳолаб борилди. Тантанали тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Хуршиджон Ахмедов вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг фестиваль иштирокчиларига йўллаган табриғини ўқиб эшиттирди.
"Халқаро мусиқа фестивалига катта ашула пири деб ном олган Жӯрахон Султонов, машҳур раққоса Тамарахоним, халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқов, буюк сўз устаси Юсуфжон қизиқ Шакаржонов каби дунёга таникли кўплаб санъаткорлар етишиб чиққан Марғилон шаҳри мезбонлик қилаётганида ҳам ўзига хос рамзий маъно мужассам. Бизнинг қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, азалий қадриятларимизнинг рамзи бўлган мақом санъати теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди", - дея эътироф этилди табрик сўзида.
Шундан сўнг фестиваль қатнашчилари фаол иштироки ва маҳоратли ижролари учун вилоят ҳокимлигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Фестиваль якунида бадиий жамоалар ва таникли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури йиғилганларга янада байрамона кайфият бағишлади.









