Эффект.уз”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “Марғилон ҳокими халқдан юз ўгирдими?” сарлавҳаси остида тарқалган мурожаатга МУНОСАБАТ
2025-09-24 17:15:00 / Янгиликлар

Видеомурожаатда бир гуруҳ фуқаролар Марғилон шаҳар ҳокимлигида "Турон" МФЙ, "Янги Фарғона" кўчаси, 93-уй манзилида қурилган 4 та кўп қаватли уйларнинг нархи оширилганлиги ва бошқа масалалар юзасидан норозилик билдирганлар.
Ушбу масала бўйича фуқаролар томонидан тегишли ташкилотларга муқаддам бир неча маротаба мурожаат йўлланган.
Шаҳар ҳокими Ш.Нисбатхонов ишчи гуруҳ вакиллари билан биргаликда бугун "Турон" МФЙ, "Янги Фарғона" кўчаси, 93-уй манзилида қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи фуқароларнинг мурожаатларини жойига бориб ўрганиб, мурожаатчилар билан юзма-юз суҳбатлашди.
Марғилон шаҳар “Турон” МФЙ ҳудудида қуриб битказилган арзон турдаги кўп қаватли уйларда яшовчи фуқароларнинг ушбу мурожаати ва тегишли ҳужжатлар шаҳар ҳокимлиги томонидан тузилган Ишчи гуруҳ вакиллари иштирокида жойига бориб ўрганилганда қуйидагилар аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 28-ноябрдаги ПФ-5886 сонли Фармонига асосан “ЎЗШАҲАР ҚУРИЛИШ ИНВЕСТ” ИК МЧЖ буюртмачилигида Марғилон шаҳар “Турон” МФЙда 7 қаватлик 168 хонадондан иборат 4 та уйлар қурилиши амалга оширилиб, 168 нафар фуқароларга мулк эгаси, буюртмачи – “ЎЗШАҲАР ҚУРИЛИШ ИНВЕСТ” ИК МЧЖ ва бош пудратчи – “Марғилон ихтисослаштирилган таъмир қурилиш” МЧЖ ўртасидаги ўзаро уч томонлама шартнома асосида бириктириб берилган.
Уч томонлама шартнома “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИКнинг 2020-йил 24-январдаги №01/418-сонли хатида қатъий белгилаб берилган нархлар асосида тузилган (мазкур хатда уйларнинг 1 кв.м учун нарх 4 585 911 сўм этиб белгиланган).
Қуриб битказилган уйлар шаҳар ҳокимининг 2020-йил 19-октябрдаги 463-сон қарори билан фойдаланишга қабул қилинган.
Ушбу уйларнинг кредит маблағларини молиялаштириш вилоят Ипотека банк зиммасига юклатилган. Вилоят Ипотека банк томонидан фуқароларга амалдаги қонунчиликка асосан, ўзаро икки томонлама шартнома асосида қуйидаги тартибда ипотека кредитлари ажратиб берилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016-йил 22-ноябрдаги ПҚ-2660-сон, 2017-йил 23-октябрдаги ПҚ-3350-сон қарорларига асосан квартираларни ёш оилаларга, эскирган уйларда яшовчиларга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бошқа тоифадаги фуқароларга сотиш шартлари белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ 3863-сонли қарорининг 1-бандига асосан фуқароларга ипотека кредитлари иштирок этувчи тижорат банклари томонидан 2020 йилги дастурларни амалга ошириш доирасида 1 йиллик имтиёзли давр ҳамда дастлабки 5 йил давомида ҳар йили % ставкасини қатъий белгиланган 7%дан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача;
Дастлаб 1 йил фақатгина 7 % миқдорида фоизларни;
2-йилдан бошлаб 9% миқдорида тани билан фоизлари;
3-йилдан 11% миқдорида тани билан фоизлари;
4-йилдан 13% миқдорида тани билан фоизлари;
5-йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 20 йил муддатга ипотека кредитларини ажратиш белгилаб берилган.
Шаҳар ҳокимлиги томонидан ушбу тартиблар бўйича ўша даврда барча уй сотиб олаётган фуқароларга тўлиқ тушунтиришлар берилган ва ўз ҳоҳишига кўра аризаларига асосан уйлар бириктириб берилган.
Фуқаролар томонидан видеомурожаатда шаҳар ҳокими қабулига кира олмаётганликлари ҳам билдирилган.
Шаҳар ҳокимининг фуқаролар қабулини ташкил этишга масъул Девонхона бўлими вакиллари томонидан шу йилнинг 19-сентябр куни айнан ушбу мурожаат эгалари билан шаҳар ҳокими бошчилигида белгиланган вақтда масалага дахлдор бўлган мутасаддилар иштирокида қабул ташкил этилаётганлиги юзасидан фуқаролар телефон орқали огоҳлантирилган. Бироқ, қабул вақти белгиланганидан 2 соат вақт ўтган бўлса-да, мурожаат эгалари қабулга келмаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Фарғона вилояти бош бошқармаси масъул вакиллари томонидан фуқароларнинг ушбу мурожаатлари жойига бориб ўрганилиб, мурожаат эгалар билан суҳбат ўтказилди.
Суҳбат давомида фуқаролар мурожаатда кўрсатилган уй-жойлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3863-сон карорига асосан имтиёзли курилганлиги, бироқ тижорат асосида курилган уй-жойларга нисбатан қиммат нархларда сотилганлиги сабабли бугунги кунга келиб кредит қарздорликларни тўлашга имкониятлари етарли эмасликларини маълyм килишди.
Бундан ташқари, уй-жойларни смета нархларини кайта кўриб чиқилишини сўрашди. Шунингдек, фуқаролар Ипотека банкнинг Фарғона вилоят филиали томонидан ажратилган кредитларга ҳисобланаётган фоизларга ҳам эътирозлари борлигини билдиришди. Уларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3863-сонли Қарорининг 1-бандига асосан 20 йил муддатга 2020 йилдаги дастурларни амалга ошириш доирасида 1 йиллик имтиёзли давр ҳамда дастлабки 5 йил давомида ҳар йили фоиз ставкасини катъий белгиланган 7 фоиздан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг кайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида устама тўлаш шарти билан ипотека кредитлари ажратилганлиги ҳамда бу бўйича банк билан кредит шартномалар тузилганлиги тушунтириб ўтилди.
