“КИТОБХОН ҲАМШИРА” кўрик-танлови ўтказилди
2025-09-23 17:45:00 / Янгиликлар

2025-йил Фарғона вилоятида – “Китобхонлик йили” деб эълон қилинган ва Давлатимиз раҳбарининг китобхонликни кенг тарғиб этиш борасидаги ташаббуслари доирасида меҳнат жамоалари, маҳаллаларда ҳам китобхонлик танловлари, китоб ярмаркалари ва мушоиралар ўтказиб келинмоқда.
Инсон тафаккурини чархловчи китоб мутолаасига бағишланган ана шундай тадбирлардан бири бугун Марғилон шаҳридаги 8-болалар Мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилди.
Шаҳар Тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасалар ҳамшираларининг бадиий, мумтоз ва жаҳон адабиётини ўқишга бўлган қизиқишларини ошириш, бу борадаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Китобхон ҳамшира” кўрик-танловини вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси С.Тонгатарова ҳамда шаҳар ҳокими Ш.Нисбатхоновлар кириш сўзи билан очиб берди.
Танловда иштирокчилар ўқиган асарлари асосида тайёрлаган чиқишлари, тезкор савол-жавоблари орқали ўз билим ва дунёқарашларини намоиш этдилар. Уларинг бадиий тафаккури, асарни таҳлил қилиш қобилияти, нутқ маданияти ва тил бойлигидан фойдаланиш даражаси асосида баҳолаш ишлари олиб борилди. Тадбир якунди фаол иштирок этган ҳамшираларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир давомида янграган куй ва қўшиқлар йиғилганларга бирдек манзур бўлди.









