Энг намунали хотин-қизлар фаоллари аниқланди
2025-09-12 16:50:00 / Янгиликлар

Марғилон шаҳрида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш мақсадида муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу мақсадларга йўналтирилган тадбирлардан бири шаҳардаги Маданият марказида бўлиб ўтди.
Шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан ташкил этилган ушбу танловда маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият кўрсатиб келаётган хотин-қизлар фаоллари "Энг наъмунали хотин-қизлар фаоли" номинацияси бўйича беллашдилар.
Танловда ҳар бир фаол ўз маҳалласининг ижтимоий ҳаётида тутган ўрни, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш авлод тарбияси, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда оилавий мустаҳкамликка қўшган ҳиссаси ҳақида тўхталиб ўтди.
Танлов жараёнида қатнашчиларнинг иш тажрибалари, ташаббускорлиги ва наъмунавий фаолияти ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳоланди. Ғолиб деб топилган фаолларга эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди.
Мазкур танлов нафақат фаол аёлларни рағбатлантириш, балки уларнинг ютуқлари орқали бошқаларга ўрнак бўлиш, янги ташаббусларга йўл очиш мақсадини ҳам кўзда тутгани билан аҳамиятлидир.








