ПРОКУРАТУРА ФАОЛИЯТИ БИЛАН ЯҚИНДАН ТАНИШУВ
2026-11-19 17:00:00 / Янгиликлар

Бугун Ёшлар куни муносабати билан Марғилон шаҳар прокуратурасида ёшларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига нисбатан қизиқишни кучайтириш ҳамда келажакдаги касбий фаолияти учун амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида «Очиқ эшиклар куни» тадбири ташкил этилди.
Унда Фарғона давлат университети талабалари иштирок этиб, шаҳар прокуратураси ходимларининг кундалик иш фаолияти, прокуратура органларининг асосий вазифа ва ваколатлари, қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Тадбир давомида талабалар Тергов полигонида ҳам бўлиб, ҳодиса жойини кўздан кечириш, далилларни аниқлаш ва тўплаш, тергов жараёнида қўлланиладиган амалий усуллар ҳамда махсус воситалардан фойдаланиш тартиби юзасидан батафсил тушунчаларга эга бўлдилар.
Шунингдек, бўлажак ҳуқуқшунослар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олиб, назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлдилар.
Мазкур тадбир ёшларнинг ҳуқуқий соҳадаги билим ва тасаввурларини кенгайтириш, уларни масъулиятли ва малакали мутахассислар этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.







