Марғилонда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-09-07 17:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Аброр Мирзо Олимов Марғилон шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Рақамли технологиялар марказида ташкил этилган учрашувда Марказий банкнинг Фарғона вилояти Бош бошқармаси бошлиғи Санжарбек Тўргунбоев, Марғилон шаҳри ҳокими Элбек Рустамов, шунингдек, вилоятдаги барча тижорат банклари раҳбарлари иштирок этди.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашув давомида тадбиркорларнинг мавжуд муаммолари, таклиф ва ташаббуслари атрофлича тингланди. Жами 31 нафар тадбиркор ва ишбилармон ўз мурожаатлари билан мутасадди раҳбарларга юзланиб, асосан тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда банк кредитларини ажратиш масалаларида амалий кўмак сўради.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида ҳар бир масалага алоҳида ёндашилиб, тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этишга устувор аҳамият қаратилди. Хусусан, кўплаб мурожаатлар учрашувнинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Қўшимча ўрганиш ва муайян муддат талаб этадиган айрим масалалар эса тегишли мутасаддиларга йўналтирилиб, уларнинг ижросини таъминлаш ҳамда натижаси бўйича тадбиркорларга маълумот бериш жараёни назоратга олинди.
Очиқ мулоқот тадбиркорлар учун ўзларини қизиқтираётган масалалар юзасидан бевосита масъул раҳбарлар билан мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича зарур тавсия ва кўмак олиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.









