МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИ АРАФАСИДА МАРҒИЛОНДА ЙИРИК ЭНЕРГЕТИКА ЛОЙИҲАСИ АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА
2026-08-19 15:45:00 / Янгиликлар

Юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Марғилон шаҳрида бунёдкорлик ва янгиланиш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда. Шаҳар электр таъминоти тизимини модернизация қилиш, мавжуд тармоқлар қувватини ошириш ва аҳолига янада ишончли электр энергияси етказиб бериш мақсадида йирик энергетика лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг ПҚ-298-сон Қарори асосида Марғилон шаҳарнинг “Турон”, “Истиқлол”, “Мустақиллик”, “Навбаҳор”, “Наврўз” ҳамда “Янгиобод” маҳаллаларида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур лойиҳа натижасида 8 мингга яқин хонадон ва 280 та тадбиркорлик субектининг электр таъминоти қуввати оширилади. Бу эса мустақиллик йилларида инсон қадри ва халқ фаровонлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг амалий ифодасидир.
Электр энергиясига бўлган талабнинг йил сайин ортиб бораётгани инобатга олиниб, мавжуд инфратузилмани янгилаш, тармоқлар қувватини ошириш ва юкламаларни мақбуллаштириш бўйича комплекс ишлар бажарилмоқда.
Лойиҳа доирасида “Чўлқувар” электр тақсимлаш пункти юкламасини камайтириш мақсадида “Саткак” подстансиясидан 2 та 4,5 километр узунликдаги янги 10 кВ электр тармоғи барпо этилади.
Шунингдек, янги тақсимлаш тизимига умумий қуввати 23 минг кВА бўлган 67 та трансформатор пункти уланиши режалаштирилган. Натижада электр юкламалари мувозанатлаштирилиб, тармоқларнинг ишончлилиги ва барқарорлиги янада оширилади.
Айни пайтда “Наврўз” маҳалласининг “Олтин мерос” кўчасида электр кабел тармоқларини тортиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш учун 12,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
Мустақиллик — бу нафақат байрам, балки бунёдкорлик, янгиланиш ва фаровон келажак сари дадил қадамлар тимсолидир.
Марғилонда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлиб, минглаб хонадонлар ва юзлаб тадбиркорлик субектлари учун янги имкониятлар яратади.
Энг муҳими, лойиҳа якунлангач, аҳолининг электр таъминоти янада яхшиланиб, тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш учун мустаҳкам инфратузилмавий замин яратилади.






