Маҳалладаги муаммолар манзилли ўрганилиб, амалий ечимлар белгиланмоқда
2026-07-27 11:05:00 / Янгиликлар

Марғилон шаҳрида ҳудудларни ободонлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳолатини яхшилаш ҳамда аҳоли мурожаатларини жойида ҳал этишга қаратилган манзилли ўрганишлар давом этмоқда. Навбатдаги ишчи ташриф шаҳар ҳокими Элбек Рустамов бошчилигида "Ипакчи" маҳалласида ташкил этилди.
Ўрганиш давомида маҳалладаги газ, электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ мавжуд ҳолат таҳлил қилиниб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, ички кўчаларнинг ҳолати, йўл инфратузилмаси, ободонлаштириш ишлари, санитария тозалиги, тунги ёритиш тизими ҳамда бошқа коммунал йўналишлардаги масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Ҳар бир йўналиш бўйича масъуллар иштирокида муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш чоралари белгиланди.
Ишчи гуруҳ томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва камбағаллик реестрига киритилган оилалар хонадонларига ҳам ташриф буюрилди. Суҳбатлар давомида уларнинг турмуш шароити, бандлиги, даромад манбалари ҳамда мавжуд эҳтиёжлари ўрганилиб, оилаларни доимий иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва касб-ҳунарга йўналтириш бўйича тегишли мутасаддиларга вазифалар юклатилди.
Шаҳар ҳокими маҳалла фаоллари ва фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказиб, ҳудудни ривожлантириш юзасидан билдирилган таклиф ҳамда мурожаатларни тинглади. Қайд этилганидек, маҳаллаларда олиб борилаётган бундай манзилли ўрганишлар мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларни тезкор бартараф этиш ва аҳолининг ҳаёт сифатини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.









