Марғилон шаҳрида маҳаллаларни комплекс ўрганиш ишлари давом этмоқда
2026-07-24 16:55:00 / Янгиликлар

Бугун эрта тонгдан Марғилон шаҳри ҳокими Элбек Рустамов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан шаҳардаги "Рохат" ва "Ватан" маҳаллаларида комплекс ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Мазкур ўрганишлардан кўзланган асосий мақсад маҳаллалар инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, коммунал хизматлар сифати ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини атрофлича таҳлил қилишдан иборат бўлди.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан газ, электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ мавжуд муаммолар жойида ўрганилиб, уларни бартараф этиш юзасидан масъул ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, ички йўллар ҳолати, ободонлаштириш ишлари, санитария, кўча ёритиш тизими ҳамда бошқа инфратузилма объектлари ҳам батафсил кўздан кечирилди.
Шу билан бирга, камбағаллик реестрига киритилган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг яшаш шароити, бандлиги, даромад манбалари ва мавжуд муаммолари хонадонма-хонадон ўрганилди.
Аниқланган муаммоларни қисқа муддатларда ҳал этиш, аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга жалб этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.
Ўрганишлар давомида шаҳар ҳокими маҳалла фаоллари ҳамда фуқаролар билан учрашиб, уларнинг таклиф ва мурожаатларини тинглади. Таъкидланганидек, маҳаллалардаги муаммоларни жойида аниқлаш ва тезкор бартараф этиш аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш ҳамда ҳудудларни изчил ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир.









