Шаҳар ҳокими бошчилигида "Бахрин" маҳалласида комплекс ўрганиш ишлари амалга оширилди
2026-07-22 16:45:00 / Янгиликлар

Бугун эрта тонгдан Марғилон шаҳри ҳокими Элбек Рустамов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари томонидан шаҳарнинг "Бахрин" маҳалласи ҳудудида комплекс ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлардан кўзланган асосий мақсад маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳоли учун муносиб ва қулай яшаш шароитларини яратиш, коммунал хизматлар сифати ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳолатни чуқур таҳлил қилишдан иборат бўлди.
Ишчи гуруҳ томонидан маҳалладаги газ, электр энергияси ва ичимлик суви таъминотида мавжуд муаммо ва камчиликлар ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилди. Шунингдек, ички йўллар, ободонлаштириш ишлари, санитария ҳолати, кўча ёритиш тизими ҳамда бошқа инфратузилма обектлари ҳам атрофлича кўздан кечирилди.
Бундан ташқари, камбағаллик реестрига киритилган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг яшаш шароити, бандлиги, даромад манбалари ва муаммолари хонадонбай тарзда ўрганилди.
Аниқланган масалаларни ҳал этиш, аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга жалб қилиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Ўрганишлар давомида шаҳар ҳокими маҳалла фаоллари ва аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва мурожаатларини тинглади. Таъкидланганидек, ҳар бир маҳалладаги муаммоларни жойига чиққан ҳолда аниқлаш ва уларни қисқа муддатларда ҳал этиш аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.









