Янги Ўзбекистон нафаси: Зуҳро маҳалласи кўркам қиёфа касб этмоқда
2026-06-04 14:50:00 / Янгиликлар

Марғилон шаҳрининг Зухро маҳалласида Янги Ўзбекистонга хос замонавий қиёфани шакллантириш, аҳоли учун қулай ва обод муҳит яратиш мақсадида “Обод маҳалла – обод кўча – обод хонадон” тамойиллари асосида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш қизғин давом этмоқда.
Мазкур ишлар доирасида ҳозирги кунга қадар маҳалла ҳудудида болалар майдончалари ва чиқинди йиғиш шаҳобчаси қуриб битказилди. Кўп қаватли уйларнинг фасад қисми бўялиб, том қисмига замонавий тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Маҳалла ҳудудида жойлашган "Меҳнат ўйингоҳи"да айни кунларда реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Қолаверса, аҳоли яшаш шароитини янада яхшилаш мақсадида кўп қаватли уйлардаги мавжуд электр ва сув таъминотини тўлиқ таъмирлаш, яшил ҳудудлар ва дам олиш масканларини ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Амалга оширилаётган бундай кенг қамровли ишлар маҳалла аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудуднинг кўркамлиги ва жозибадорлигини таъминлаш билан бирга, “Янги Ўзбекистон” ғояларининг амалдаги ифодасига айланмоқда.









