1 июнm - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни МАҲАЛЛАДА БАЙРАМ ШУКУҲИ
2026-06-02 09:45:00 / Янгиликлар

Марғилон шаҳридаги Зуҳро маҳалласида 1-июн — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳамда мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 35 йиллиги арафасида аҳоли, айниқса болажонларга байрамона кайфият улашиш мақсадида мусиқали маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Маҳалла аҳли, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбир кўтаринки руҳда ўтди. Байрам давомида шаҳар Маданият марказининг хушовоз ҳонандалари томонидан Ватанга муҳаббат, тинчлик, дўстлик ҳамда беғубор болаликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилиб, йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.
Тадбир доирасида болалар учун турли кўнгилочар дастурлар, қизиқарли викториналар ва саҳна чиқишлари намойиш этилди. Айниқса, спортнинг турли йўналишлари бўйича ўтказилган мусобақалар ёш иштирокчиларнинг фаоллигини янада оширди. Арқон тортиш ҳамда бошқа спорт беллашувларида қатнашган болалар ўзларининг чаққонлиги, эпчиллиги ва иқтидорларини намоён этдилар.
Меҳр-оқибат, бирдамлик ва эзгу қадриятлар мужассам бўлган ушбу тадбир маҳалла аҳлига кўтаринки кайфият улашиб, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, соғлом турмуш тарзи ва маънавий қадриятларга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.






