Марғилон шаҳрида “Ялдо кечаси” романи тақдимоти бўлиб ўтди
2026-04-24 11:20:00 / Янгиликлар

Марғилон шаҳридаги 3-сонли техникумда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султон қаламига мансуб "Ялдо кечаси" романининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Мазкур маънавий-маърифий тадбир шаҳар ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлинмаси, Ахборот-кутубхона маркази ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Республика “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари Аҳмаджон Исмоилов, Муҳаммадрасул Кимсанбоев, Ҳурриятхон Ҳасанова, Фотимахон Умарова, шоира Ўктамхон Солиева ҳамда шаҳар маънавият тарғиботчилари иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Тадбир аввалида техникум ўқувчилари томонидан "Ўткан кунлар" асаридан тайёрланган саҳна кўриниши йиғилганлар юрагига чинакам маънода тарихда ўткан кунлар нафасини етаклаб кирди.
Тақдимот давомида сўз олганлар томонидан романнинг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ҳамда адабий жараёндаги ўрни ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Таъкидланганидек, мазкур роман ўзбек адабиётининг дурдонаси ҳисобланган “Ўткан кунлар” асарининг мантиқий давоми сифатида яратилган.
Айтиш керакки, мазкур роман мамлакатимиз адабий ҳаётида ўзига хос воқелик бўлгани билан аҳамиятлидир.









