Марғилон шаҳрида “Фарғона вилояти жой номларининг изоҳли луғати” китобининг тақдимоти ўтказилди
2026-02-17 14:50:00 / Янгиликлар

Марғилон шаҳридаги 8-сонли болалар Мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими маслаҳатчиси Соҳибжамол Тонготарова, китоб муаллифларидан бири Нодиржон Қурбонов, узоқ йиллар таълим соҳасида фаолият олиб борган фахрий устозлар, тарихшунос ва тилшунос олимлар, таълим муассасалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар томонидан мазкур нашрнинг яратилиш жараёни ва илмий аҳамияти ҳақида сўз юритилиб, ушбу нашр келгусида яратиладиган топонимик луғатлар учун муҳим илмий манба эканлиги алоҳида қайд этилди.
Таъкидланганидек, луғатда вилоят ҳудудидаги 2000 га яқин жой номларининг маъноси, келиб чиқиши ва тарихий шакллари илмий манбалар асосида изоҳланган бўлиб, у давлат тилини ривожлантириш ва миллий меросни асрашга хизмат қилади.
Тақдимот давомида китобнинг мазмун-моҳияти, унда Фарғона водийси, хусусан Марғилон шаҳри ҳудудидаги қадимий ва замонавий жой номларининг келиб чиқиши, тарихий илдизлари ҳамда маънавий аҳамияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Ушбу нашр ёш авлодда тарихий хотирани мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраш ва ўрганишда муҳим манба экани таъкидланди.
Тақдимот тадбири давомида 8-сонли болалар Мусиқа ва санъат мактабининг соҳирнафас устоз ва ўқувчилари томонидан сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига мансуб ғазаллар асосидаги дилтортар қўшиқлар ижро этилди.
Тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлинмаси ҳамда шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида ўтказилди.







