Марғилон шаҳрида савдо фаолиятини қонунийлаштириш ва назорат-касса техникаларидан фойдаланиш бўйича ўрганишлар олиб борилди
2026-02-12 15:10:00 / Янгиликлар














Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5813-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 943-сон қарори билан тасдиқланган “Онлайн назорат-касса техникаларини қўллаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ, Марғилон шаҳри ҳудудида жойлашган бозорларда савдо фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари фаолияти ўрганилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 221-моддаси ҳамда бошқа тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига асосан, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан онлайн назорат-касса машиналари, тўлов терминаллари ҳамда электрон тўлов тизимларига уланиш мажбурийлиги юзасидан мониторинг ишлари олиб борилди.
Ўрганиш жараёнида айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан онлайн назорат-касса машинаси, банк тўлов терминали ва “Xolis Paynet” иловасини ўрнатмасдан, шунингдек, тегишли рухсат этувчи ҳужжатларсиз ва ноқонуний фаолият юритиб келаётган ҳолатлар аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан тадбиркорларга амалдаги қонунчилик талаблари, жумладан, нақд ва нақдсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ҳамда фискал интизомга риоя этиш бўйича батафсил тушунтириш ишлари олиб борилди.
Қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилган ва ҳужжатларсиз фаолият олиб бораётган айрим тадбиркорлик субъектларининг савдо шохобчалари белгиланган тартибда вақтинча муҳрланди. Мазкур чоралар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ равишда қўлланилди.
Тадбиркорларга савдо фаолиятини қонуний асосда ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтиш, солиқ органларида ҳисобга қўйилиш ҳамда онлайн назорат-касса техникаларини ўрнатиш зарурлиги юзасидан амалий ва услубий ёрдам кўрсатилди. Шу куннинг ўзида фаолияти расмийлаштирилмаган тадбиркорлик субъектлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди.
Бундан ташқари, тадбиркорларни “Xolis Paynet” иловасига улаш, иловани юклаб олиш, рўйхатдан ўтиш ва ишга тушириш жараёнларида техник ҳамда амалий кўмак берилди. Онлайн назорат-касса машиналарини ўрнатиш ва тўлов терминалларини ишга тушириш бўйича ҳам тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур чоралар кўрилди.
Мазкур тадбирларнинг асосий мақсади — савдо соҳасида қонунийликни таъминлаш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ тушумларини ошириш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборатдир.
