11 февраль – "Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни"
2026-02-11 17:25:00 / Янгиликлар

Марғилон шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими, Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлинмаси ва доимий ҳамкорлар билан биргаликда шаҳар Маданият марказида “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар: хотин-қизларнинг жамият ва оиладаги ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади ёш қизларни илм-фанга кенг жалб этиш, уларнинг замонавий касблар, хусусан ахборот технологиялари, дастурий инжиниринг ва киберхавфсизлик соҳаларига бўлган қизиқишини ошириш, шунингдек, хотин-қизларнинг жамият тараққиёти ва оила мустаҳкамлигидаги муҳим ўрнини тарғиб этишдан иборат бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, иккинчи даражали "Соғлом авлод учун" ордени соҳибаси, шоира Ўктамхон Солиева, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Дилфуза Абдуллаева, Филиппин давлатидан ташриф буюриб ҳозирги кунда шаҳардаги 18-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчи ёшларга инглиз тили фанидан таълим бериб келаётган Глесил Питаголар сўз олиб, илм-фан соҳасида фаолият юритаётган аёлларнинг ютуқлари, уларнинг тажрибаси, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлишнинг аҳамияти ҳақида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Шундан сўнг илм ва фан соҳасидаги изланишлари ва иқтидори учун бир гуруҳ қизлар шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлимининг ташаккурномаси билан тақдирланди.
Тадбир давомида шаҳар Маданият марказининг соҳирнафас санъаткорлари томонидан ижро этилган дилрабо куй ва қўшиқлар барчани бирдек рақсга чорлади.









