Аёллар хавфсизлиги — жамият хавфсизлиги. Рақамли зўравонликка қарши кураш — демократик тараққиётнинг ажралмас қисмидир
2025-11-28 16:50:00 / Янгиликлар

Марғилон шаҳар Ихтисослаштирилган мактабида шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан шаҳар прокуратураси, шаҳар ИИБ ҳамда Инсон ижтимоий хизматлар маркази ҳамкорлигида БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йилда қабул қилган резолюциясига асосан “25 ноябр — Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни” муносабати билан 16 кунлик глобал кампания доирасида “Хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик!” мавзусида муҳим сиёсий-ижтимоий тадбир бўлиб ўтди.
Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Манзура Салимова, шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Гулнора Жўрабоевa, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш энди оддий ижтимоий ташаббус эмас — балки давлат сиёсати даражасидаги устувор йўналишга айланганлиги таъкидланди.
Шунингдек, Кампания доирасида 25 ноябрдан 10 декабрга қадар республика бўйлаб кенг миқёсдаги тарғибот ишлари, учрашувлар ва ахборот кампаниялари амалга оширилаётгани қайд этилди.
Тадбир давомида айрим ҳудудлардаги оилаларда аёлларга нисбатан ишлатилаётган зўравонликка қарши кураш борасидаги ислоҳотлар ва натижаларга бағишланган саҳна кўриниши намойиш этилди.
Дарахақиқат, Қонунчиликнинг такомиллаштирилиши, оилавий зўравонликнинг Жиноят ва Маъмурий кодексларда акс эттирилиши, ҳимоя ордерлари тизимининг жорий этилиши, психологик ва ижтимоий хизматлар ривожи – барчаси амалий натижаларни бермоқда.
Ўзбекистоннинг бу соҳадаги қатъий сиёсий иродаси ва мустаҳкам позицияси жамиятда аёллар хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи омилдир.






