Марғилон шаҳрида «Vimax» бренди остида “ASSARTIMENT” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди
2025-11-26 17:40:00 / Янгиликлар

Марғилон шаҳар «Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Айланма йўл мавзесида «Vimax» бренди асосида фаолиятини бошлаган “ASSARTIMENT” МЧЖда замонавий савдо йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
“ASSARTIMENT” МЧЖ томонидан Хитой ҳамда Ўзбекистондаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарида тайёрланган ошхона жиҳозлари ва кичик турдаги маиший техникалар олиб келиниб, сифатли қадоқланган ҳолда улгуржи ва чакана шаклда водий вилоятларига етказиб берилмоқда.
Хусусий тадбиркор Ҳадиятиллохон Жаҳонгиров раҳбарлигида ташкил этилган ушбу корхонада ҳозирги кунда 45 нафар фуқаро доимий, шунингдек яна 20 нафари мавсумий иш билан таъминланди. “ASSARTIMENT” МЧЖнинг фаолияти йўлга қўйилиши маҳаллий аҳоли бандлигини ошириш, савдо айланмасини кўпайтириш ва истеъмолчиларга қулай имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда.
Лойиҳанинг умумий ҳудуди 0,8 гектар ер майдонини ташкил этади. Қиймати 5,0 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ушбу инвестициявий лойиҳа доирасида корхона йилига 35,0 миллиард сўмлик савдони амалга ошириш қувватига эга.
Мазкур МЧЖнинг ишга туширилиши Марғилон шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш, ички бозорга замонавий маҳсулотларни етказиб бериш ва иқтисодий фаолликни оширишда муҳим ўрин тутмоқда.







