Косонсойни қўшни туманлар билан боғловчи муҳим йўлларда реконструкция ишлари давом этмоқда
2026-07-01 14:30:00 / Янгиликлар

Жумладан, D113 “Исковот қишлоғи – Косонсой шаҳри – Тўрақўрғон шаҳри – Жомашуй шаҳри – Улуғнор тумани – A373 автомобиль йўли”нинг 6–14 ҳамда 14–27 километр оралиқларини реконструкция қилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
“CITY PERFECT-BUILDING” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар учун 144 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, натижада ушбу йўл замонавий талабларга жавоб берадиган, аҳоли ва ҳайдовчилар учун қулай бўлган 24/7 хизмат кўрсатувчи кўчага айлантирилади.
Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қурилиш ишларининг бориши билан танишди. Айни пайтда йўлнинг қатнов қисмини кенгайтириш, пиёдалар учун хавфсиз йўлаклар барпо этиш ҳамда сув чиқариш лотокларини ётқизиш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоят раҳбари мазкур лойиҳалар транспорт ҳаракатидаги тирбандликларни камайтириш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Ушбу йўлнинг реконструкция қилиниши ҳудуд аҳолиси учун янада қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитини яратиш, ички йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда аҳоли пунктлари ўртасидаги транспорт қатновини яхшилашга хизмат қилади.






