Фронт орти фахрийларига эҳтиром кўрсатилди
2026-05-04 17:30:00 / Янгиликлар

Фронт орти фахрийларига эҳтиром кўрсатилди
▫️9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Косонсой тумани, “Булоқбоши” маҳалласида Наманган вилояти ҳокими маслаҳатчиси, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов, вилоят Маҳаллалар уюшмаси раиси Аҳаджон Мирзаевлар иштирокида “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Мазкур тадбирда фронт ортида меҳнат қилиб, фашизм устидан ғалаба қозонишга катта ҳисса қўшган Абдумутал Эргашев, Боқимат Сатторов, Отабоева Шарофат каби отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олиниб, табрикнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, тадбирда сўз олганлар фахрийларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик уларнинг меҳнати ва ҳаёт йўлига бўлган юксак ҳурмат ифодаси экани таъкидладилар.
Дарҳақиқат, хотира ва қадрлаш куни муносабати билан фронт орти қаҳрамонларимиз ҳолидан хабар олингани уларнинг дуолари ва шукроналик ҳисси юз кўзларидан билиниб турибди. Бинобарин, букилмас ирода ва жасорат кўрсатиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва фаровон кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.
