Геология фанлари университетида замонавий бошқарув ва етакчилик масалалари муҳокама қилинди
2026-05-14 11:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий етакчилик кўникмаларини шакллантириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан, 2026 йил 14 май куни Геология фанлари университети биносида соҳа раҳбарлари ва мутахассислари учун халқаро экспертлар иштирокида махсус семинар-форум ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади ташкилий маданиятни трансформация қилиш, бошқарувда инновацион ёндашувларни жорий этиш ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат. Форумда вазирлик тизимидаги ташкилот раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирок этиб, етакчиликнинг халқаро стандартлари ва амалий воситалари билан танишдилар.
Семинар ишини Геология фанлари университети ректори А.А. Қодирхўжаев очиб бериб, форумнинг мақсад ва вазифаларига тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, KfW IPEX-Bankнинг Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ бўйича директори Екатерина Галицина модераторлигида асосий сессиялар бошланди.
Биринчи сессияда Амстердам эркин университети (Vrije Universiteit Amsterdam) профессори Светлана Хапова “Етакчилик, сукут сақлаш ва ифода этилмаган хатарлар” мавзусида маъруза қилди. Унда замонавий ташкилотларда етакчиликка бўлган янгича ёндашувлар ҳамда жамоада очиқ мулоқот муҳитини яратишнинг аҳамияти муҳокама қилинди.
Иккинчи сессия доирасида эса ташкилий ривожланиш ва инновацион ёндашувлар масалалари кўриб чиқилди. Иштирокчилар Германия ва Нидерландия каби давлатларнинг илғор бошқарув тажрибалари, ўзгаришларни бошқариш механизмлари ҳамда жамоаларни ривожлантиришнинг самарали усуллари бўйича амалий кўникмаларга эга бўлдилар.








