Тоғ-кон ва геология назорати тўлиқ рақамлаштирилади: UZINFOCOM билан стратегик ҳамкорлик бошланди
2026-05-01 16:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда Инспекция бошлиғи Ж. Адилов ва “UZINFOCOM” МЧЖ саноатни рақамлаштириш бўйича директори У. Тагалиев иштирок этиб, соҳани рақамлаштиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар. Асосий эътибор назорат тадбирларини автоматлаштириш, инсон омилини камайтириш ва маълумотлар шаффофлигини таъминлашга қаратилган.
Ҳамкорлик доирасида геология соҳасида назорат тадбирларини амалга оширишга мўлжалланган махсус ахборот ва сунъий интеллект тизимлари ишлаб чиқилади. Томонлар амалдаги жараёнларни (AS-IS) тўлиқ таҳлил қилиб, халқаро тажриба асосида янги моделни (TO-BE) ҳаётга татбиқ этишади. Бу жараёнда Инспекция томонидан кўрсатиладиган хизматлар босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади.
Шунингдек, тизимларнинг киберхавфсизлигини таъминлаш ва соҳага халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилади. Келишувга кўра, томонлар ўз инфратузилмаларидан биргаликда фойдаланган ҳолда янги дастурий маҳсулотлар ва мобил иловаларни яратишади.
Ушбу ҳамкорлик геология соҳасида давлат назоратининг самарадорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши ресурслардан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ноқонуний ҳолатларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Рақамлаштириш орқали эришиладиган шаффофлик соҳадаги иқтисодий йўқотишларни камайтириш ва қонунийликни мустаҳкамлашга замин яратади.



