«Юрт келажаги сиз каби миллионлаб ёшларга боғлиқ» — Президент мактуби Инспекцияда муҳокама қилинди
2026-11-24 12:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясида Президент Шавкат Мирзиёевнинг набираси Шавкатбекка йўллаган мактуби Инспекция бошлиғи ва ходимлари иштирокида ўқиб эшиттирилди ҳамда муҳокама қилинди.
Иорданияга амалга оширилган сафар чоғида ёзилган мактуб ёш авлод тарбияси, илм-маърифат, Ватанга муҳаббат, миллий қадриятлар, меҳнатсеварлик ва инсоний фазилатлар ҳақидаги самимий мулоҳазаларни қамраб олган.
«Юрт келажаги сен каби миллионлаб ёшларга боғлиқ эканини асло унутма! Илм-маърифат ўрганишга сидқидилдан ҳаракат қил! Чунки билим ва тафаккур битмас-туганмас бойликдир», — деб ёзади Президент мактубида.
Давлат раҳбари набираси «Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?» деган саволига жавоб берар экан, зиммасидаги масъулият нафақат ўз оиласи, балки миллионлаб Ўзбекистон фарзандларининг келажаги ҳақида қайғуришни ҳам талаб этишини таъкидлайди. Халқ фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти йўлида хизмат қилишни ҳаётининг асосий мазмуни сифатида таърифлайди.
Мактубда Президент ўз болалигидаги оғир меҳнат йилларини эслаб, болаларни пахта далаларидан мактабга қайтариш, замонавий боғча ва мактаблар қуриш, сифатли дарсликлар яратиш ҳамда билимли ўқитувчилар тайёрлаш борасидаги ишларни қайд этади.
Шунингдек, ёшларни Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Маҳмудхўжа Беҳбудий каби буюк аждодлар меросини ўрганишга, билим олишга ва хорижий тилларни эгаллашга чорлайди. Замонавий гаджетлар ва сунъий интеллектдан унумли фойдаланиш, аммо уларга қарам бўлиб қолмаслик кераклигини уқтиради.
«Ҳар бир дақиқани ғанимат бил!» деган насиҳат орқали вақтнинг қадрига етиш, интизомли бўлиш, бошланган ишни охирига етказиш ва қийинчиликлар олдида таслим бўлмаслик зарурлигига эътибор қаратади.
Инспекцияда ўтказилган муҳокамада мактубда илгари сурилган ғояларнинг тарбиявий аҳамияти, ёш авлоднинг билимли ва ватанпарвар бўлиб вояга етишида таълим-тарбия билан бирга оилавий ва жамоавий муҳитнинг ўрни ҳақида фикр алмашилди.
Мактуб мазмуни давлат ташкилотлари ходимлари учун ҳам муҳим ҳаётий хулосаларни ўз ичига олади. Зеро, халқ манфаатларига хизмат қилиш, ҳалоллик, масъулият ва интизом нафақат ёш авлод тарбиясида, балки ҳар бир соҳадаги кундалик фаолиятда ҳам асосий мезон бўлиши керак.








