Ер қаъридан фойдаланиш: 432 та рухсатнома берилди, 169 та объект аукционда сотилди
2026-11-09 14:30:00 / Янгиликлар

2026 йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистонда ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича 432 та рухсатнома расмийлаштирилди. Электрон аукционга чиқарилган 303 та кон ва истиқболли майдоннинг 169 таси 446 миллиард сўмга реализация қилинди.
Бу маълумотлар 6 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Контент тайёрлаш марказида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда рухсат бериш тартибларини такомиллаштириш, аукцион савдоларининг очиқлиги, геологик маълумотлардан фойдаланиш ва давлат хизматларини рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуманда вазирликнинг Кон-геология назорати ва норуда хомашёси бўлими бошлиғи Баҳодир Раҳимов, Марказ директорининг ўринбосарлари Феруз Бадалов ва Жўрабек Азимов, соҳа мутахассислари, тадбиркорлар ҳамда журналистлар иштирок этди.
Ҳисобот даврида норуда фойдали қазилмалар бўйича 233 та рухсатнома берилди. Уларнинг 101 таси қазиб олиш, 132 таси геологик ўрганишга тегишли. Стратегик фойдали қазилмалар бўйича 149 та рухсатноманинг 68 таси геологик ўрганиш, 81 таси қазиб олиш учун расмийлаштирилди. Яна 50 та рухсатнома олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятига берилди.
Норуда фойдали қазилмалар бўйича рухсатномалар Қорақалпоғистон Республикасида 41 та, Андижонда 13 та, Бухорода 7 та, Жиззахда 19 та, Қашқадарё ва Навоийда 35 тадан, Наманган ва Самарқандда 22 тадан, Сирдарёда 1 та, Сурхондарёда 11 та, Тошкент вилоятида 10 та ҳамда Фарғонада 17 тани ташкил этди.
Аукционга чиқарилган 303 та объектнинг 291 таси норуда, 9 таси олтин изловчилар усулида қазиб олиш ва 3 таси асосий турдаги фойдали қазилмаларга тегишли. Рухсатнома шартларига риоя этилишини мониторинг қилиш доирасида «Хавфни таҳлил қилиш» ахборот тизими орқали 1 859 та огоҳлантириш хати юборилди.
Геологик лойиҳалар экспертизаси бўйича 331 та хулоса берилди. Шундан 166 таси йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоблар, 165 таси техник-иқтисодий асослар юзасидан тайёрланди. Биринчи йўналишдаги хулосаларнинг 34 таси стратегик, 132 таси норуда фойдали қазилмаларга тегишли. Лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича қўшимча 82 та хулоса тақдим этилди. Президентнинг ПҚ-104-сон қарорига мувофиқ, геологик лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш ваколати Марказга ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 июлдаги 178-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 декабрдаги 854-сон, 2021 йил 27 августдаги 543-сон ва 2026 йил 15 майдаги 246-сон қарорларига мувофиқ, 42 минг гектар ер саноат тоифасига ўтказилиб, Марказга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилди.
Шунингдек, 2 427 та кон ва истиқболли майдон ҳақидаги маълумотлар Давлат кадастрларининг ягона тизимига интеграция қилинди. Ер участкаларидан фойдаланиш ва қурилиш масалалари бўйича 20 000 та хулоса берилиб, 158 та кадастр паспорти шакллантирилди.
Геологик ўрганиш бўйича 65 та иш давлат ҳисобига олинди, 252 та ҳисобот қабул қилинди. Уларнинг 73 таси бюджет маблағлари ҳисобидан бажарилган ишларга, 179 таси тадбиркорлик субъектларига тегишли. Маълумотлар базасига 1 036 та векторли график маълумот киритилиб, 130 та маҳаллий база шакллантирилди. Фойдали қазилмалар захиралари давлат баланси бўйича 29 та иш бажарилди.
Геологик ҳисобот ва маълумотларни тақдим этиш бўйича 1 908 та хизмат кўрсатилди. Шундан 1 742 таси тизим ташкилотларига, 166 таси тадбиркорларга тўғри келди. Бундан ташқари, 84 та халқаро ва хорижий стандарт давлат тилига таржима қилиниб, «Стандартлар институти»га юборилди.
«Front office» орқали 169 та тадбиркорга маслаҳат берилди, «1356» Call-марказига келиб тушган 743 та мурожаат кўриб чиқилди. Ҳудудларда 7 та сайёр ва оммавий қабул ўтказилиб, 387 та ахборот материали эълон қилинди.
Рақамлаштириш доирасида «Geomonitoring» тизимига норуда фойдали қазилмалар бўйича 278 та рухсатнома маълумотлари киритилди. Стратегик хомашё бўйича 25 та рухсатномага идентификация рақами берилди, 125 та кон қайта хатловдан ўтказилди. «Кон-геология хизматлари» модули босқичма-босқич ишга туширилмоқда. Рухсатномаларни «license.uz» орқали расмийлаштириш йўлга қўйилиб, «Geomonitoring» платформаcига интеграция қилинди.
Келтирилган кўрсаткичлар рухсат бериш, геологик маълумотларни ҳисобга олиш ва мониторинг жараёнларида рақамли воситалардан фойдаланиш кенгаяётганини кўрсатади. Бу тадбиркорлар учун маълумот олиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш тартибларини соддалаштиришга хизмат қилиши мумкин.
Шу билан бирга, рухсатнома шартларига риоя этилиши устидан мониторингнинг самарадорлиги аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва қонуний фаолиятни таъминлаш натижалари билан баҳоланади. Шаффоф назорат ер қаъри ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш ва ноқонуний қазиб олиш хавфини камайтиришда аҳамиятга эга.







