Инспекцияда коррупциявий хавфларни олдиндан аниқлаш масалалари муҳокама қилинди
2026-11-05 14:20:00 / Янгиликлар

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясида давлат назорати ва саноат хавфсизлиги йўналишларида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ҳамда уларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) билан ҳамкорликда олиб борилди.
Асосий эътибор коррупция ҳолатлари юзага келганидан кейин уларнинг оқибатларини бартараф этишга эмас, балки қонунбузилишларга имкон яратадиган сабаб ва шарт-шароитларни олдиндан аниқлашга қаратилди.
Давлат назорати жараёнларида коррупциявий хавфлар турли босқичларда юзага келиши мумкин. Хусусан, текширувларни ташкил этиш, назорат тадбирларини ўтказиш, аниқланган қонунбузилишларни расмийлаштириш ва тегишли қарорларни қабул қилиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Шу нуқтаи назардан, Инспекция фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни ўрганиш ва мавжуд тартиб-таомилларни такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Саноат хавфсизлиги соҳасида назорат тадбирларининг холислигини таъминлаш, қарорлар қабул қилишда инсон омили билан боғлиқ хавфларни камайтириш ҳамда назорат механизмларининг очиқлигини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Алоҳида йўналиш сифатида давлат назорати жараёнларини рақамлаштириш имкониятлари кўриб чиқилди. Электрон тизимлардан фойдаланиш текширувларнинг боришини қайд этиш, қабул қилинган қарорларнинг изчиллигини кузатиш ва назорат тадбирларида ҳисобдорликни кучайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Шунингдек, коррупциявий хавфларни мунтазам баҳолаб бориш, хавф омилларини камайтиришга қаратилган ташкилий чораларни белгилаш ва профилактика механизмларини такомиллаштириш зарурлиги муҳокама этилди.
Бундай ёндашув давлат назоратида фақат қонунбузилишларни аниқлаш билан чекланмасдан, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга ҳам эътибор қаратишни назарда тутади.
Коррупциявий хавфларнинг камайиши тадбиркорлик субъектлари учун тенг шароит яратиш, асоссиз маъмурий тўсиқларнинг олдини олиш ва назорат жараёнларига ишончни оширишга хизмат қилади. Бу эса тоғ-кон саноатида қонуний фаолият юритиш ва иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш учун муҳим омил ҳисобланади.


