Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида гендер тенглик масалалари бўйича тармоқ кенгаши мажлиси ўтказилди
2026-10-28 15:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимида Гендер тенглик масалалари бўйича тармоқ кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилиш Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш, амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва келгусидаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланди.
Тадбирда тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Хамидова, KfW IPEX-Bank GmbH директори, Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақаси раҳбари Екатерина Галицина, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова, вазирлик ҳамда тизим ташкилотлари масъуллари иштирок этди.
Мажлис давомида тоғ-кон саноати ва геология соҳасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, вазирлик ва тизим ташкилотларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган янги таклифлар, ташаббуслар ва лойиҳалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича Тармоқ маслаҳат кенгаши ташкил этилгани ва унинг Низоми тасдиқлангани маълум қилинди.
Кенгаш таркибида Европа давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида «Uzbekistan-Europe Women Leaders Network» ҳамжамияти ҳам тузилди. Бу ташаббус аёлларнинг етакчилик салоҳиятини ривожлантириш ва халқаро тажриба алмашинувини кенгайтиришга қаратилган.
Мажлис доирасида 25 ноябрь — Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан «Зўравонликка қарши 16 кун фаоллик» ташаббуси мавзусида давра суҳбати ҳам ўтказилди.
Тармоқ маслаҳат кенгашининг ташкил этилиши гендер тенглик масалаларини тизимли муҳокама қилиш ва тегишли ташаббусларни мувофиқлаштириш учун ташкилий асос яратади.
Меҳнат муносабатларида тенг имкониятлар ва қонунийликни таъминлаш ходимларнинг касбий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, камситиш хавфини камайтириш ҳамда ташкилотларда соғлом иш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса ишлаб чиқариш самарадорлиги ва барқарор бошқарув учун ҳам аҳамиятлидир.









