Тошкентда UIMF 2026 халқаро тоғ-металлургия форуми бўлиб ўтди
2026-10-28 14:20:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар комплексида 27–28 октябрь кунлари 8-Ўзбекистон халқаро тоғ-металлургия форуми — UIMF 2026 ташкил этилди. «Ресурслардан глобал имкониятларга» шиори остида ўтказилган тадбирда давлат идоралари, тоғ-металлургия корхоналари, халқаро компаниялар, инвесторлар ва соҳа экспертлари иштирок этди.
Форумда минерал-хомашё базасини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва фойдали қазилмаларни чуқур қайта ишлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Хамидова очиб берди. Учрашувлар саноатни модернизация қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.
«Марказий Осиёнинг янги ресурс архитектураси» мавзусидаги биринчи ялпи сессияда тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов қатнашди.
Сессияда минтақада барқарор саноат иқтисодиётини шакллантириш, ресурс хавфсизлигини таъминлаш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ва маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Форум дастурида критик минераллар, тоғ-кон саноатини рақамлаштириш, интеллектуал геологик қидирув, инвестиция механизмлари, энергия самарадорлиги ҳамда экологик стандартларга бағишланган сессиялар ҳам ўрин олди.
Форум билан бир вақтда 20-юбилей халқаро MiningMetals Uzbekistan 2026 кўргазмаси ташкил этилди. 27–29 октябрь кунларига мўлжалланган кўргазмада дастлабки маълумотларга кўра, 15 та давлатдан 150 дан ортиқ компания ва ташкилот вакилларининг иштироки кутилган.
Германия, Хитой, Туркия ва Ўзбекистон компаниялари қазиб олиш, қайта ишлаш, металлургия ва машинасозлик йўналишларидаги технологиялар ҳамда ускуналарни намойиш этди.
Бундай халқаро мулоқот саноат корхоналарида хавфсиз ишлаб чиқариш, экологик талабларга риоя қилиш ва замонавий назорат технологияларидан фойдаланиш масалаларига ҳам эътиборни кучайтиради.
Тоғ-кон саноатида технологик янгиланиш билан бирга қонунчилик талабларига риоя этилиши ишлаб чиқариш хавфларини камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва инвестициялар учун барқарор муҳит яратишда муҳим аҳамиятга эга.









