Геологик ўрганилганлик даражаси 45 фоизга етди: Ўзбекистонда 50 дан ортиқ янги фойдали қазилма кони аниқланди
2026-10-07 16:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Контент тайёрлаш марказида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда мамлакатимиз минерал-хом ашё базасини ривожлантириш, геология-қидирув ишларига замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда соҳадаги ислоҳотлар натижалари атрофлича муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон ҳудудининг геологик ўрганилганлик даражаси 20 фоиздан 45 фоизга ошди. Геологик изланишлар олиб борилган майдон ҳажми 89 минг квадрат километрдан 200 минг квадрат километрга етказилди. Тоғли ва тоғолди ҳудудларида эса бу кўрсаткич 36 фоиздан 62 фоизгача кўтарилди. Олиб борилган тадқиқотлар якунига кўра 185 та истиқболли майдон ҳамда 50 дан ортиқ фойдали қазилма конлари аниқланди.
Соҳада олиб борилаётган ишлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган аниқ мақсадларга таянади. Унга кўра, истиқболли ҳудудларни ўрганишни кенгайтириш, олтин ишлаб чиқаришни 1,5 баробар, кумушни 3 баробар, мисни 3,5 баробар ҳамда уран, темир ва кўмир қазиб олишни 3 баробарга ошириш режалаштирилган. Минерал-хом ашё базасини ривожлантириш давлат дастури доирасида 2025 йилда 289 та лойиҳа бўйича изланишлар ўтказилиб, 33 та янги кон захиралари тасдиқланди. 2026 йилда эса қидирув ишлари 275 та лойиҳа доирасида изчил давом эттирилмоқда.
Геология-қидирув жараёнларини технологик жиҳатдан янгилаш ва рақамлаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Ҳозирга қадар Давлат геология фондидаги 36 мингта геологик ҳисобот электрон шаклга ўтказилди ҳамда республика ҳудудининг 1:200 000 масштабдаги рақамли геологик ва гидрогеологик хариталари яратилди. Шу билан бирга, ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги 7 та давлат хизмати тўлиқ рақамлаштирилди. Тадқиқотларда сунъий интеллект, замонавий геофизика, масофадан зондлаш ва 3D моделлаштириш технологияларидан кенг фойдаланилмоқда.
Соҳага жалб этилаётган хорижий инвестициялар ҳажми ҳам ортиб бормоқда. 2017–2025 йилларда фойдали қазилмаларни излаш ва ўзлаштириш лойиҳаларига 7,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий сармоя йўналтирилди. Ҳозирги кунда 60 та лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, ўндан ортиқ истиқболли майдонда захиралар тасдиқланиб, ўзлаштириш жараёни бошланди. Шунингдек, 2026–2030 йилларда муҳим минераллар йўналишида умумий қиймати 4,2 миллиард долларлик 120 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Геология ва тоғ-кон саноатидаги бундай тизимли ўзгаришлар мамлакатимизнинг хом ашё мустақиллигини ва саноат салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектнинг жорий этилиши геологик хавфларни камайтириб, қидирув ишларининг аниқлиги ва самарадорлигини кескин оширади.
Аниқланган ресурсларни мамлакат ичида чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш ва янги юқори малакали иш ўринларини яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.



