Тошкент вилоятида “MinGeoMod 2026” халқаро геология олимпиадаси бошланди
2026-09-29 09:55:00 / Янгиликлар

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Геолог” оромгоҳида кон-геология соҳасида моделлаштириш бўйича “MinGeoMod 2026” халқаро олимпиадасига старт берилди. Халқаро миқёсдаги ушбу нуфузли тадбир Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Micromine Australia” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Олимпиадада ёш муносиб кадрлар ва талабалар икки кун давомида ўзларининг назарий ҳамда амалий билимларини синовдан ўтказади. Дастлабки босқичда иштирокчилар назарий тест топшириқларини бажариб, геология-қидирув маълумотларини таҳлил қилиш, замонавий геологик, каркасли ва блокли моделларни тузиш маҳоратини намойиш этадилар. Шунингдек, улар блокли моделда олтин миқдорини аниқ ва тўғри баҳолаш бўйича амалий вазифаларни ҳал этади.
Мусобақанинг якуний ва энг масъулиятли босқичида мутахассислар комплекс лойиҳалар устида иш олиб бориб, ўзлари яратган рақамли моделларни ҳакамлар ҳайъати олдида ҳимоя қилади. Якунда энг юқори натижа кўрсатган ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланади.
Ушбу халқаро олимпиада кон-геология соҳасига замонавий рақамли технологиялар ва илғор халқаро стандартларни кенг жорий этишга хизмат қилади. Ёш мутахассисларнинг амалий кўникмаларини ошириш ҳамда халқаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш ер ости бойликларини геологик ўрганиш самарадорлигини кескин оширади. Якуний босқичда аниқ рақамли моделлаштириш усулларини қўллаш кон-геология соҳасида ресурсларни тўғри баҳолаш, хатарларни камайтириш ва давлат назоратининг шаффофлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.






