Қизилқум КТИ ходимларига коррупцияга қарши курашиш бўйича семинар ўтказилди
2026-09-28 14:10:00 / Янгиликлар

Навоий вилоятидаги Навоий кон-металлургия комбинати таркибидаги Қизилқум КТИ ходимлари иштирокида коррупцияга қарши курашиш соҳасида профилактик тадбир ва семинар ўтказилди.
Тадбирда Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари О. Зарипов, коррупцияга қарши курашиш бўйича бош мутахассис Ж. Зикиров ҳамда Инспекциянинг Шимолий-ғарбий минтақавий бўлими ходимлари иштирок этди.
Семинарда 2026 йил 22 июнда қабул қилинган ЎРҚ-1155-сонли «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Тадбир давомида коррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхати белгиланганига эътибор қаратилди. Семинарда давлат харидларида товар ёки хизматнинг бошланғич нархи билан ўртача бозор нархи ўртасидаги йўл қўйиладиган тафовут бўйича талабларни бузган мансабдор шахсларга БҲМнинг 30 бараваригача жарима қўлланиши мумкинлиги ҳам тушунтирилди.
Қонунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилиши, давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс ҳамда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолият юритиши ҳам назарда тутилган. Шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, хавф-хатарлар харитасини шакллантириш ҳамда коррупцияга оид жиноятлар учун судланган шахсларнинг электрон реестрини юритиш бўйича янги механизмлар белгиланган.
Тадбир якунида ходимларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш, қонунчилик талабларига риоя этиш бўйича хабардорлигини оширишга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.
ЎРҚ-1155-сонли Қонунда назарда тутилган механизмлар коррупциявий хавфларни фақат содир бўлган ҳолатдан кейин эмас, балки улар юзага келишидан олдин аниқлаш ва бошқаришга қаратилган. Бу эса корхона ва ташкилотларда ички назорат, комплаенс ва профилактик ишларнинг амалий аҳамиятини оширади.


