Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида глобал ҳамкорлик позициясини билдирди
2026-09-24 10:45:00 / Янгиликлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида 130 га яқин давлат делегациялари қаторида Ўзбекистон Республикаси вакиллари ҳам иштирок этди. Халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева нутқ сўзлаб, мамлакатнинг ташқи сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий устувор йўналишларини баён қилди.
Сессия давомида дунёда ўзаро ишонч сусайиб бораётган бир шароитда Ўзбекистоннинг очиқлик, яхши қўшничилик ҳамда мулоқотга асосланган аниқ позицияси таъкидланди. Нутқда Марказий Осиёдаги туб ўзгаришлар, аҳоли турмуш даражасини ошириш, Афғонистон масаласи, болалар ва аёллар ҳуқуқлари, демографик барқарорлик ва сунъий интеллект тараққиёти каби долзарб мавзулар қамраб олинди. Шунингдек, Орол фожиаси, экологик муаммолар ҳамда Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро минбардан таъкидланганидек, глобал муаммоларни бирор давлат якка ҳолда ҳал эта олмайди. Шу боис Ўзбекистон ишонч ва ўзаро ҳурматга асосланган келажакни барпо этишда фаол ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди. Бу каби халқаро мулоқотлар мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда халқаро стандартларга мос ислоҳотларни изчил давом эттиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу иштирок Ўзбекистоннинг глобал даражадаги ташаббуслари ортиб бораётганини ва миллий манфаатларни халқаро ҳуқуқ доирасида ҳимоя қилиш тизими мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Назорат ва мулоқот механизмларининг халқаро майдонда мувофиқлаштирилиши мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар шаффофлигини таъминлайди ва иқтисодий барқарорлик учун ишончли замин яратади.





