Навоийда сайёр қабул: тадбиркорлар ва фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди
2026-09-23 09:50:00 / Янгиликлар

Навоий вилоятида Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари О. Зарипов иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Қабул давомида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг соҳага оид мурожаатлари тингланиб, айрим масалалар бўйича амалий ечимлар белгиланди.
2026-йил 21-сентябр куни Навоий шаҳар ҳокимлиги биносида ташкил этилган учрашувда тадбиркорлар, корхона вакиллари ва фуқаролар иштирок этди. Сайёр қабулнинг асосий мақсади жойлардаги муаммоларни ўрганиш, мурожаатларни бевосита тинглаш ҳамда уларнинг ечимини тезкор ташкил этишдан иборат бўлди.
Қабул давомида бир қатор тадбиркорлар фойдали қазилмалар бўйича 5GR ҳисоботларини кўриб чиқиш жараёнларини жадаллаштириш масаласини кўтарди. Мазкур мурожаатлар юзасидан масъул бўлинмаларга ҳисоботларни тезкор кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, геологик қидирув ишлари якунланган участкалар бўйича хулоса бериш муддатларини қисқартириш, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш ҳамда амалдаги меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди. Ҳар бир мурожаат амалдаги қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқилиб, мурожаатчиларга зарур тушунтиришлар берилди.
Сайёр қабул якунлари бўйича мурожаатлар назоратга олиниб, уларнинг ижросини таъминлаш учун масъул ижрочилар белгиланди. Тегишли таркибий ва ҳудудий бўлинмаларга мурожаатларни белгиланган муддатларда кўриб чиқиш ҳамда натижалари юзасидан мурожаатчиларни хабардор қилиш вазифаси юклатилди.
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни давом эттиради. Соҳага оид таклиф, мурожаат ва муаммолар бўйича сайёр қабуллар мунтазам равишда ташкил этилади.



