Инспекция бошлиғи Ж.М. Адиловнинг Олий Мажлис Қўмитасидаги маърузаси
2026-07-05 12:25:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Ж.М. Адиловнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси йиғилишида Инспекциянинг 2026 йил биринчи ярим йиллик фаолияти натижалари тўғрисидаги маърузаси
Ҳурматли қўмита раиси, ҳурматли депутатлар ва йиғилиш иштирокчилари!
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 февралдаги 131-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқларидан келиб чиққан ҳолда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Бугунги кунда Инспекция тизимида 69 нафар ходим фаолият юритмоқда. Шундан 18 нафари марказий аппаратда, 51 нафари ҳудудларда ер қаъридан оқилона фойдаланиш, саноат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ноқонуний фаолият ҳолатларини аниқлаш бўйича назорат тадбирларини амалга оширмоқда. Тизимда 2 та вакант лавозим мавжуд.
Инспекция назоратида ер ости сувлари объектларидан ташқари қарийб 8 мингта объект мавжуд бўлиб, уларда давлат назорати ва профилактика тадбирлари мунтазам олиб борилмоқда.
Ҳисобот даврида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларига мувофиқ Инспекция зиммасига жами 49 та вазифа юклатилган. Шундан 28 таси Президент ҳужжатлари, 15 таси Президент Администрацияси раҳбари ҳужжатлари ва 6 таси Вазирлар Маҳкамаси қарорларидан келиб чиққан.
Белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳар ҳафта ва ҳар чоракда раҳбарият иштирокида муҳокамалар ташкил этилди, “Йўл хариталари” ва календарь-жадваллар асосида ишлар олиб борилди. Натижада 18 та топшириқнинг ижроси тўлиқ таъминланди. Қолган 31 та топшириқ бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда ва уларнинг белгиланган муддатларда ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Мазкур вазифалар доирасида 4 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди, 6 та амалий чора-тадбир белгиланди ҳамда 8 та ташкилий масала ҳал этилди.
Ҳисобот даврида Инспекцияга жисмоний ва юридик шахслардан жами 146 та мурожаат келиб тушди. Шундан 83 таси Президент виртуал қабулхонаси орқали, 49 таси электрон шаклда ва 14 таси ишонч телефони орқали қабул қилинди.
Келиб тушган мурожаатларнинг 119 таси қаноатлантирилди, 20 таси ваколат доирасига кирмаганлиги сабабли тегишли ташкилотларга юборилди, 7 та мурожаат эса кўриб чиқиш жараёнида турибди.
Мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида Инспекция раҳбарияти томонидан Андижон, Фарғона, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида сайёр қабуллар ташкил этилди.
Ҳисобот даврида нефьт ва газ соҳасида 442 та профилактика тадбири ҳамда 64 та камерал назорат ўтказилди. Уларнинг натижасида соҳага оид норматив ҳужжатлар талабларининг 985 та талаби бузилиши аниқланди ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, саноат хавфсизлиги соҳасига оид 82 та ариза ва ҳужжат кўриб чиқилди. Нефьт ва газ қудуқларини бурғулаш ва таъмирлашда қўлланиладиган 18 та техник қурилма синовдан ўтказилди. Соҳада 43 та ўқув-семинар ташкил қилиниб, 1241 нафар ходимнинг билими синовдан ўтказилди. Натижада 78 нафар ходимнинг билими қониқарсиз деб топилиб, уларни қайта тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Назорат остидаги объектларда 4 та бахтсиз ҳодиса қайд этилди. Шундан 1 таси ўлим билан, 3 таси оғир тан жароҳати билан якунланган.
Кончилик ва портлатиш ишларида саноат хавфсизлиги йўналишида 271 та назорат тадбири амалга оширилди. Улардан 80 таси ҳукумат ҳужжатлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар топшириқлари асосида ўтказилди.
Назорат тадбирлари натижасида саноат хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларининг 3675 та бузилиши аниқланди. 331 та ёзма кўрсатма, 346 та маълумотнома ва хулоса берилди, 12 та хавфли ишлаб чиқариш объектида ишлар вақтинча тўхтатилди ҳамда 35 нафар ходимга нисбатан интизомий чора кўриш юзасидан билдиргилар киритилди.
Шунингдек, 3326 нафар мансабдор шахс аттестациядан ўтказилди. Уларнинг 670 нафари билим даражаси талаб даражасида эмаслиги аниқланиб, қайта тайёрлаш чоралари белгиланди.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида хавфли ишлаб чиқариш объектларида жами 10 та бахтсиз ҳодиса қайд этилди. Шундан 4 таси оғир тан жароҳати, 4 таси ўлим ва 2 таси гуруҳий бахтсиз ҳодиса ҳисобланади.
Ер қаъридан фойдаланиш соҳасида ноқонуний қазиш ишларига қарши курашиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ҳисобот даврида мазкур йўналишда 330 та назорат тадбири ўтказилди. Уларнинг 195 тасида ноқонуний қазиш ҳолатлари аниқланиб, жами 4,5 миллион куб метр ҳажмда фойдали қазилма ноқонуний қазиб олинганлиги маълум бўлди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра давлат ва жамият манфаатларига етказилган зарар миқдори 90 миллиард сўмни ташкил этди. Барча материаллар ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
Ер ости сувларидан фойдаланиш соҳасида 129 та ҳолат ўрганилиб, уларнинг 73 тасида рухсатсиз фойдаланиш аниқланди. Натижада 64 та маъмурий баённома расмийлаштирилди ва 70,4 миллион сўм миқдорида жарима ҳисобланди.
Олтин изловчилар фаолияти бўйича Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги 120 та ер қаъридан фойдаланиш участкасида мониторинг ишлари олиб борилди. Назорат тадбирлари давомида бир субъект томонидан белгиланган чегарадан ташқарида 3,5 минг куб метр ҳажмда ноқонуний қазиш ишлари амалга оширилганлиги аниқланди ва материаллар Навоий вилояти прокуратурасига юборилди.
Ҳисобот даврида Инспекция томонидан 112 та маъмурий баённома расмийлаштирилди. Улар бўйича 409,7 миллион сўм жарима ҳисобланиб, шундан 145,2 миллион сўми ундирилди.
Давлат хизматлари соҳасида 200 та кон ажратмаси далолатномаси расмийлаштирилди, 1025 та кон ишларини ривожлантириш режаси келишилди ҳамда 150 та рухсатнома берилди.
“Геомониторинг” ахборот тизими орқали 2504 та ҳисобот қабул қилиниб, уларнинг 1155 таси ижобий кўриб чиқилди.
“Ўзбеккосмос” агентлиги билан ҳамкорлик доирасида 2025 йилда тақдим этилган 2261 та ҳолатдан 1444 таси ўрганилди. Натижада 195 та юридик шахс томонидан 4,5 миллион куб метр норуда фойдали қазилма ноқонуний қазиб олинганлиги аниқланди.
Шунингдек, космик мониторинг орқали аниқланган 3713 та ҳолат ўрганилиб, 826 таси тасдиғини топди, 2160 тасида қазиш ишлари номаълум шахслар томонидан амалга оширилганлиги аниқланди, 727 таси эса тасдиқланмади.
Инспекцияда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, назорат тадбирларида шаффофликни таъминлаш, инсон омилини қисқартириш ва коррупция хавфларини бартараф этиш мақсадида “ЕР-ҚАЪРИ НАЗОРАТ” ахборот тизими ҳамда “Хавфни таҳлил қилиш ва Конгеотехназорат” ахборот тизимлари ишлаб чиқилмоқда.
Ҳозирги вақтда техник топшириқлар тайёрланган, зарур ҳужжатлар шакллантирилган, интеграция жараёнлари бўйича ишлар олиб борилмоқда ва дастлабки прототиплар синовдан ўтказилмоқда.
Ахборот сиёсати доирасида Инспекция фаолияти оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди. Ҳисобот даврида 8 та брифинг ва матбуот тадбири ўтказилди, 4 та оммавий акция ва челленж ташкил этилди, 6 та негатив хабарга тезкор муносабат билдирилди. Шунингдек, 7 та телевидение, 5 та радио ва 13 та босма ҳамда электрон нашрларда чиқишлар ташкил этилди.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
2026 йил якунига қадар Инспекция олдида ноқонуний қазишларга қарши курашишни кучайтириш, ер ости сувларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини қисқартириш, саноат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, рақамли назорат тизимларини тўлиқ жорий этиш ва давлат хизматларини автоматлаштириш каби муҳим вазифалар турибди.
Инспекция томонидан мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлаш, ер қаъридан оқилона фойдаланишни назорат қилиш, саноат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилади.
Эътиборингиз учун раҳмат!
