Хавфсизлик – биринчи навбатда: Ангрен кон-техника инспекцияси ва масъул идоралар "O‘zbekko‘mir" АЖ объектларида профилактика ўтказди
2026-09-15 11:25:00 / Янгиликлар

Тоғ-кон саноати технологик жиҳатдан мураккаб ҳамда юқори хавфга эга бўлган соҳалардан биридир. Бу ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиш, кутилмаган авариявий ҳолатларда тезкор чоралар кўриш ҳамда эвакуацияни самарали ташкил этиш доимий назоратни талаб этади.
Шу муносабат билан Ҳарбийлаштирилган кон қутқарув қисми бўлинмалари хизмат кўрсатаётган объектларда навбатдаги режали профилактик тадбирлар ташкил этилди. Куни кеча Ангрен кон-техника инспекцияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 53-чи ёнғин-қутқарув қисми, фуқаро муҳофазаси ҳамда геология соҳасининг етакчи мутахассислари, шунингдек, 2-Аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш қутқарув взводи командирлар таркиби биргаликда профилактик кўрик ўтказдилар.
Тадбир "O‘zbekko‘mir" акциядорлик жамиятига қарашли ишлаб чиқариш объектларида, хусусан, автомобил ва технологик транспорт ҳамда қурилиш-монтаж ишлари филиалларида бўлиб ўтди. Мутахассислар объектлардаги техник хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси талабларининг бажарилиш даражасини синчиклаб ўргандилар.
Назорат ва кўрик жараёнида аниқланган камчиликлар ҳамда техник мос келмовчиликлар юзасидан тегишли участка раҳбарларига расмий огоҳлантиришлар берилди. Шу билан бирга, аниқланган муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш ҳамда келгусида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш бўйича аниқ тавсиялар кўрсатиб ўтилди.
Профилактика тадбирларининг мунтазам ўтказилиши ишлаб чиқариш жараёнида инсон омили билан боғлиқ хавф-хатарларни кескин камайтиришга хизмат қилади. Давлат назорат идораларининг бевосита иштироки ва тизимли мониторинги объектларда техника хавфсизлиги интизомини ва масъулиятни ошириш имконини беради.
Қонунийлик ва хавфсизлик нормативларининг сўзсиз таъминланиши нафақат ходимларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, балки йирик саноат корхоналарининг үзлуксиз, барқарор ҳамда иқтисодий самарали фаолият юритишининг асосий кафолати ҳисобланади.



