Тошкентда GEOMIN 2026 халқаро конференцияси арафасида геологияни ривожлантиришнинг замонавий ёндашувлари муҳокама қилинди
2026-09-13 17:50:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Тошкент шаҳрида GEOMIN 2026 конференцияси доирасида “Замонавий геология: сиёсат, технологиялар, минтақавий тадқиқотлар ва инсон капитали” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Хамидова кириш сўзи билан очиб берди.
Мулоқотда Ўзбекистон, Франция, Финляндия, Буюк Британия, Нидерландия, Қозоғистон, Миср, Туркия, АҚШ каби давлатларнинг геология хизматлари, илмий ташкилотлари ҳамда соҳавий идоралари раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, халқаро профессионал ташкилотлар иштирок этдилар. Халқаро мулоқотда асосий эътибор геология соҳасини рақамли трансформация қилиш ва замонавий тадқиқот усулларини кенг жорий этиш масалаларига қаратилди.
Тадбир давомида геологик, геофизик ва геокимёвий маълумотларни қайта ишлашда сунъий интеллект технологияларини қўллаш, 3D-моделлаштириш ва “digital twins” (рақамли эгизаклар) тизимларини яратиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Вазирнинг биринчи ўринбосари Ўзбекистонда тўпланган геологик материалларни тўлиқ рақамлаштириш ва уларни Миллий геологик маълумотлар базасига бирлаштириш бўйича олиб борилаётган амалий ишларга алоҳида тўхталди. Анжуманда маълумотларни стандартлаштириш, геотехник қидирув ишларида сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳамда ресурсларни таснифлаш тизимларини халқаро ҳисобот стандартларига мослаштириш вазифалари белгиланди.
Шунингдек, ёш мутахассисларни тайёрлаш, таълим жараёнига геоинформатика, маълумотлар таҳлили ва 3D-моделлаштириш йўналишларини интеграция қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди. Йиғилиш якунида миллий геология хизматлари ва халқаро илмий ташкилотлар ўртасидаги келгуси ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Геология ва ер қаъридан фойдаланиш соҳасида рақамли назорат ва ягона маълумотлар базасининг яратилиши барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлайди. Сунъий интеллект ва замонавий моделлаштириш технологияларининг жорий этилиши ресурсларни қидириш харажатларини камайтириб, кон-геология соҳасига халқаро инвестицияларни жалб этиш учун мустаҳкам замин яратади.




