Сенат ўзбек алифбосига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади: 4 та ҳарф шакли ўзгаради
2026-09-10 11:45:00 / Янгиликлар

Олий Мажлис Сенати “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунни маъқуллади. Мазкур ҳужжат билан амалиётда муаммоларни келтириб чиқараётган апострофли ва икки белгили ҳарфлар ўрнига диакритик белгили янги ҳарфлар жорий этилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Қонунчилик палатаси ушбу қонунни 7 июль куни қабул қилган эди.
Ўзгартишларга кўра, алифбодаги O‘ o‘ ҳарфи Ö ö, G‘ g‘ ҳарфи Ğ ğ, Sh sh бирикмаси Ş ş ҳамда Ch ch бирикмаси Ç ç шаклини олади. Шунингдек, Ng ҳарф бирикмаси мустақил ҳарф сифатида алифбодан чиқарилади, тутуқ белгиси (‘) эса сақлаб қолинади. Бу ўзгартиришлар стандарт клавиатурадан фойдаланиш ва матнларни теришда қулайлик яратишга қаратилган.
Фуқаролар ва ташкилотлар учун муҳим жиҳати шундаки, қонун кучга киргунига қадар амалдаги алифбода расмийлаштирилган барча ҳужжатлар, миллий валюта ҳамда қимматли қоғозлар ўз кучида қолади ва тўсиқсиз муомалада бўлади. Давлат органлари ва ташкилотларининг рамзий белгилари, пешлавҳа ҳамда кўрсаткичларидан яроқсиз ҳолатга келгунига қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланишга рухсат берилади.
Аҳолининг ҳуқуқий ва маъмурий манфаатлари тўлиқ ҳимояланган бўлиб, ҳужжатларни алмаштириш бўйича мажбурий талаблар ёки ортиқча оворагарчиликлар юзага келмайди. Ўзгартиришлар босқичма-босқич ва тизимли равишда амалиётга татбиқ этилади.
Ушбу ислоҳот ўзбек ёзувидаги техник ва имло қийинчиликларини бартараф этиш, рақамли технологияларга мослашувни енгиллаштиришга хизмат қилади. Имло қоидаларининг соддалашиши расмий иш юритиш самарадорлигини оширади ҳамда ҳужжатлар айланмасидаги хатоликларни кескин камайтиради.


